Жаҳон ҳамжамияти Россия томонидан 1 август, пайшанба куни сиёсий сабабларга кўра қамоқда сақланаётган бир қатор сиёсатчилар ва жамоат арбоблари, жумладан, Германия, АҚШ ва Британия фуқароларининг маҳбуслар алмашинуви доирасида озод этилганини олқишлади

«Европа Иттифоқи Туркия кўмагида бир қатор сиёсий маҳбуслар, жумладан, Европа Иттифоқи фуқаролари Россия ва Беларусда озод этилгани ва топширилганидан енгил тортди», деди 1 август куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел.

«Сиёсий маҳбуслар ҳамда Россия ва Беларус қамоқхоналарида ноҳақ ушлаб турилганларнинг барчаси зудлик билан ва ҳеч қандай шартларсиз озод этилиши керак», деди у Европа Иттифоқи номидан. 

Столтенберг НАТО иттифоқчиларининг роли ҳақида

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ҳам маҳбуслар алмашинуви ҳақида ижобий фикр билдирди. «Бу ютуққа НАТО иттифоқчиларининг яқин ҳамкорлиги туфайли эришилди, - деб ёзди у X ижтимоий тармоғида. - Тинч мухолифат ҳуқуқи ва оммавий ахборот воситалари эркинлиги ҳар бир жамият учун жуда муҳим». 

Кир Стармер: «Менинг ўй-хаёлларим озод қилинган сиёсий маҳбуслар билан» 

Ўз навбатида, Британия бош вазири Кир Стармер X ижтимоий тармоғида шундай ёзди: «Мен Россияда сақланаётган бир қатор маҳбуслар, жумладан, Владимир Кара-Мурза, Пол Уилан ва Эван Гершковичнинг озод этилишини олқишлайман. Менинг ўй-хаёлларим озод қилинган сиёсий маҳбуслар билан».

«Биз Россияни сиёсий фикр эркинлигини таъминлашга чақиришда давом этамиз», - дея қўшимча қилди у.

Мухолифатчи сиёсатчи ва публицист Владимир Кара-Мурза Россия фуқаролигидан ташқари Британия фуқаролигига ҳам эга.

Юлия Навалная: «Бу катта бахт!»

«Улкан, жуда узоқ ва машаққатли иш, бир неча йил давом этган музокаралар, феврал, кўпчиликнинг қандайдир тарзда ҳаммани бирлаштириш ва барчани қутқариш учун янги уриниши - бу катта бахт!» - деб ёзди Россия колониясида вафот этган мухолифатчи Алексей Навалнийнинг беваси Юлия Навалная X ижтимоий тармоғида. 

«Ҳар бир озодликка чиққан сиёсий маҳбус – бу катта ғалаба ва қувонч, - дея қўшимча қилди у. - Ҳеч ким гаровга олинмаслиги, қийноққа солинмаслиги ёки қамоқхонада ўлмаслиги керак».