Ҳонгконг, Сингапур ва Тайван олимпиада медаллари учун энг кўп мукофот пули тўлайдиган давлатлар ҳисобланади. Бу ҳақда Kaktus.media нашри маълумот берди.

Қайд қилинишича, Ҳонгконг олимпиада олтин медали учун $768,5 минг, Сингапур $737 минг ва Тайван $720 минг тўлайди, бу дунёдаги энг катта мукофот пулларидир.

Медаллар кам – мукофотлар миқдори катта

Ҳонгконг Олимпиадада Хитойдан алоҳида, ўз байроғи остида қатнашмоқда. Олтин медал учун Ҳонгконг 768,5 минг доллар, кумуш ва бронза учун мос равишда 384 минг ва 192 минг доллар тўлайди. Жамоавий спорт турларида медаллар учун мукофот юқорироқ: биринчи ўрин учун 1,5 миллион доллардан сал кўпроқ, иккинчи ва учинчи ўринлар учун мос равишда 768 минг ва 384 минг доллар. Қизиғи шундаки, Ҳонгконг қуйи ўринларни ҳам тақдирлайди: якка спорт турларида тўртинчи ўрин эгалари 96 минг доллар ва жамоавий спорт турларида 192 минг доллар олади. Бешинчидан саккизинчигача бўлган ўринлар учун - шахсий ва жамоавий мусобақаларда мос равишда 48 минг ва 96 минг доллар. Бундай сахийликни тушунса бўлади — Ҳонгконг Олимпия ўйинларида камдан-кам ҳолларда медал олади.

Сингапур ўзининг мукофот дастури орқали, якка спорт турлари бўйича ғолибларга 1 миллион сингапур доллари (тахминан 737 минг доллар) таклиф қилади. Жамоавий спорт турлари бўйича ғолибларга 2 миллион сингапур доллари (тахминан 1,5 миллион доллар) тўланади. Юқоридаги суммаларнинг 50 фоизи кумуш медал соҳибларига, 25 фоизи бронза медали соҳибларига берилади. Ҳозирча фақат бир нафар сингапурлик бундай мукофотга сазовор бўлган - сузувчи Жозеф Скулинг 2016 йилги Олимпиада ўйинларида 100 метрга баттерфляй усулида сузишда ғолиб чиққан. Бу Сингапурнинг биринчи ва ҳозирча ягона олтин медалидир.

Олимпиадада «Хитой Тайпейи» расмий номи билан иштирок этаётган Тайван ўз спортчиларига олтин учун 720 минг доллар, кумуш учун 252 минг доллар ва бронза учун 180 минг доллар таклиф қилмоқда. Токиодаги ўйинларда Тайван 12 медални қўлга киритди, бу 2000 йилда ўрнатилган рекордни икки баравар оширди. Бундан ташқари, тайванлик Олимпиада чемпионлари ҳукумат дастури доирасида бир марталик 20 миллион Тайван доллари (600 минг доллар) ва ҳар ой 125 минг Тайван доллари (4000 доллар) миқдорида умрлик стипендия олади.

Индонезия, Қозоғистон, Малайзия, Марокаш, Италия, Филиппин, Таиланд, Венгрия, Косово, Эстония ва Миср ҳам Париж Олимпиадаси медаллари учун олти рақамдан иборат мукофотларни (112 минг доллардан 365 минг долларгача) таклиф қилган.

Баъзи ҳолларда спортчилар ҳам ҳукуматлар, ҳам миллий спорт ташкилотлари томонидан мукофот олади. Масалан, Ҳиндистон ҳукумати олтин медал совриндорларига 7,5 миллион рупий (90 минг доллар), Ҳиндистон Олимпия ассоциацияси эса 10 миллион рупий (120 минг доллар) тўлайди.