Жаҳон | 14:14 / 02.08.2024
4140
2 дақиқада ўқилади

РФнинг Перм вилоятида йўловчи поезди юк машинаси билан тўқнашди

Юк машинаси ҳайдовчиси тан жароҳати олди, поезд вагонлари релсдан чиқиб кетмаган.

Фото: AP

Перм ўлкасининг Горнозаводская шаҳар округида «Уренгой – Москва» йўналишида ҳаракатланган йўловчи поезди юк машинаси билан тўқнашиб кетди. Бу ҳақда 2 август, жума куни вилоят губернатори Дмитрий Махонин маълум қилди.

«Горнозаводская округида 11-сонли «Уренгой – Москва» поездининг юк машинаси билан тўқнашуви ҳақида. Поезд йўловчилари орасида жабрланганлар йўқ. Поезд Европейская станциясига олиб бориб қўйилди. Биз барча зарур ёрдамни ташкил қиламиз», — деб ёзди вилоят раҳбари Телеграм-каналида.

Губернатор ўлка Соғлиқни сақлаш вазирлигига вазиятни назоратда ушлаб туриш, жабрланган юк машинаси ҳайдовчисига тезкор ёрдам кўрсатиш ва шифохонага етказилишини таъминлаш бўйича топшириқ берди. 

Воқеа сабабларини аниқлаштириш учун Свердловск темирйўли («СвЖД») бошлиғининг биринчи ўринбосари бошчилигида тезкор штаб тузилди. 

Ўз навбатида, «СвЖД» Телеграм-канали ҳодиса маҳаллий вақт билан соат 7:35 да (Тошкент вақти билан 6:35) Европейская – Уст-Тискос участкасида содир бўлганини хабар қилди. 

«Юк машинаси ҳайдовчиси яқинлашиб келаётган 11-сонли Новий Уренгой – Москва поезди олдида чорраҳадан ташқаридаги темирйўл релсларига чиқиб кетди. Поезд машинисти фавқулодда тормозни қўллаган, бироқ масофа етарли эмас эди, тўқнашув олдини олишнинг иложи бўлмаган», — дейилади хабарда.

Дастлабки маълумотларга кўра, ЙТҲ оқибатида автомашина ҳайдовчиси жабрланган. Йўловчилар ва поезднинг локомотив экипажи тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилмаган. Ҳаракат таркибининг релсдан чиқиб кетиши кузатилмади.

«Локомотив ташқи элементлари ва автомобил (электровоз остида қолган) шикастланган. Воқеа жойига Чусовская станциясидан қутқарув поезди жўнатилди», — дейилади матбуот хизмати хабарида. Мазкур участкада поездлар ҳаракати вақтинчалик тўхтатилган.

Мавзуга оид