Париж Олимпиадасида бокс бўйича баҳслар тобора ўзининг қизғин палласига кираётган бўлишига қарамай, якшанба тонгида бутун дунё бокс ишқибозларининг нигоҳи Лос-Анжелесга қаратилади. Кечанинг асосий тўқнашувида супер ярим ўрта вазн тоифасида WBA камари соҳиби Исроил Мадримов афсонавий Теренс Кроуфорд билан беллашади. 40та баҳсида 40 ғалабага эришган йилнинг энг яхши боксчисига қарши жанг олдидан Исроил фақат битта нарсани сўрашини айтиб, муҳим мурожаат билан чиқди.

Мағлубият нималигини билмаётган рақиблар

Ўзбекистон вақти билан 4 август тонгида АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳридаги 22 минг томошабин сиғимига эга «BMO Stadium» аренасида «Riyadh Season» сериясидаги катта проффесионал бокс оқшоми ташкил этилади. Кечанинг марказий жангида супер ярим ўрта вазн тоифасида WBA йўналиши чемпиони Исроил Мадримов америкалик Теренс Кроуфорд билан тўқнаш келади. Бу жангда ўзбекистонлик 29 ёшли боксчи ўзига тегишли WBA камарини ҳимоя қилади. Қолаверса, ўртага WBO Interim камари ҳам тикилган. Шунингдек, жанг ғолиби WBC камари даъвогарига айланади.

Теренс Кроуфорд «Pound-for-pound» рейтинги етакчиси ҳисобланади. У проф боксда жами 40та жангида 40та ғалабага эришган. Эътиборлиси, 36 ёшли боксчи 31та жангини нокаут билан якунлаган. Енгилмас Кроуфорд тахаллусини олган чарм қўлқоп устаси мутлақ жаҳон чемпиони, WBC ва WBA камарлари эгаси саналади.

Исроил Мадримов эса супер ярим ўрта вазн тоифасида WBA камари соҳиби саналиб, профессионал боксдаги 10та жангидан 9тасида ғалабага эришган, фақат битта жангда дуранг қайд этган. 7та жангни нокаут билан якунлаган.

Название

Жангдан бир кун олдин, 3 август куни ҳар икки боксчи вазн ўлчаш маросими қатнашишди. Унга кўра, Мадримов – 69,85 кг, Кроуфорд – 69,58 кг вазнда экани қайд этилди.

Усикни ортда қолдирган ва йил боксчиси деб топилган Кроуфорд

Учта вазн тоифасидаги жаҳон чемпиони ва pound-for-pound рейтинги пешқадами Теренс Кроуфорд июн ойида ESPY талқинига кўра, йил боксчиси деб топилганди.

Ушбу номинациясида Теренсдан ташқари Александр Усик, Наоя Иноуэ ва Сеньеса Эстрада ҳам даъвогарлик қилаётганди. Америкалик 36 ёшли боксчи енгил вазнда (61,2 кг) вазн тоифасида собиқ чемпион саналса, ўртаярим вазнда (63,5 кг) мутлақ чемпион ҳисобланади.