Бош вазир Шайх Ҳасина Бангладешдан қочиб, армия қўмондонлиги муваққат ҳукумат тузилганини эълон қилганидан бир кун ўтиб, Даккадаги парламент тарқатиб юборилди. Бангладеш президенти Шаҳабуддин Чуппу 6 август, сешанба куни қуролли кучлар қўмондонлари, сиёсий партиялар раҳбарияти, фуқаролик жамияти вакиллари ва «Талабалар дискриминацияга қарши» ҳаракати етакчилари билан учрашув якунлари бўйича шундай қарор қабул қилди.
Президент маъмурияти томонидан эълон қилинган пресс-релизга кўра, Ҳасинанинг истеъфога чиқишидан кейин муваққат ҳукумат тузиш учун миллий парламент тарқатиб юборилган. Бу баёнот талабалик норозилик ҳаракати етакчилари парламентни тарқатиб юбориш муддатини белгилаганидан бир неча соат ўтиб янгради, деб ёзади Reuters. Улар асосий талаби қондирилмаса, «қаттиқ дастур» ишга тушиши ҳақида огоҳлантирди.
Талабалар Нобел мукофоти лауреатини вақтинчалик бош вазир лавозимига таклиф қилди
Айни пайтда, талабалар норозиликлари етакчиси Наҳид Ислом 2006 йилги Нобел тинчлик мукофоти лауреати, иқтисодчи Муҳаммад Юнусни муваққат ҳукумат раҳбари этиб тайинлашни таклиф қилди. Бутун дунёга танилган Юнус ўз мамлакатида «кенг тан олинган», деди у видеомурожаатида.
Бир кун аввал Бангладешни 15 йил бошқарган 76 ёшли Шайх Ҳасина мамлакатни тарк этди. Шундан сўнг армия қўмондони Вақир Уз-Замон унинг истеъфога чиққани ва муваққат ҳукумат тайинланишини эълон қилди. Шу куни ҳукуматга қарши намойишчилар Ҳасинанинг расмий қароргоҳига бостириб киришди.
Бангладешда июл ойида бошланган норозилик намойишларидан бери юзлаб одамлар ҳалок бўлди, фақатгина 5 август куни намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашувларда камида 109 киши ҳалок бўлди, дейди полиция ва шифокорлар. AFP таъкидлаганидек, бу июл ойида оммавий норозилик намойишлари бошланганидан бери энг қонли кун бўлди.
Бангладешда бир неча ҳафтадан бери намойишлар давом этмоқда
Бангладешда давлат лавозимлари учун квота тизимини бекор қилишга чақирувчи намойишлар июл ойида бошланган эди. Ўша ойда мамлакат Олий суди квотани бекор қилди, бироқ норозилик намойишлари давом этди ва уларнинг иштирокчилари бош вазирни ҳокимиятдан четлатишни талаб қилди. Олий суд ўз қарорида қуйи суднинг июн ойида ҳукумат ишларининг 56 фоизи, асосан, 1971 йилда Покистондан мустақиллик учун урушда қатнашган фахрийлар қариндошларига квота орқали ажратилиши ҳақидаги қарорини рад этди. Шундан сўнг, давлат иш ўринларининг 93 фоизи хизмат кўрсатган шахсларнинг номзодлари учун очилди.















