Жамият | 12:05 / 09.08.2024
8314
2 дақиқада ўқилади

“Ҳуқуқ фанидан тест тузиш тестология қоидаларига тўғри келмайди” — БМБА масъули

Юриспруденция йўналиши учун абитуриентларни ҳуқуқ фанидан тест қилишни Адлия вазирлиги қайта кўриб чиқиши эҳтимол тўғри бўлади, деди Билимларни баҳолаш агентлиги расмийси Зафарбек Олимов. Унинг фикрича, ҳуқуқшунослик тез ўзгарувчан фан бўлгани учун ундан тест тузиш мақсадга мувофиқ эмас.

Фото: АОКА

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ўтказган матбуот анжуманида ҳуқуқ фанидан тушган саволлар мавзуси кўтарилди. Масъулларга айнан ҳуқуқшунослик фанидан тест тузиш муаммоли эмасми деган савол ҳам берилди. Буни агентлик бошқарма бошлиғи Зафарбек Олимбеков қуйидагича изоҳлади.

Мен фанлар доирасига ҳуқуқшунослик фанини киритиш масаласи муаммоли деб ҳисоблаганман. Чунки тестологиянинг қонун-қоидасига кўра, биз бола ўқимаган мавзу бўйича унга савол беришимиз мумкин эмас. Лекин ҳуқуқшунослик – жуда тез ўзгарувчи фан. Дастур бўйича бола 9-синфда бошқа конституцияни ўқиди, мактабни битираётганида конституция алмашди. У боладан биз эскисини эмас, янги конституцияни сўраяпмиз-да. Мана шу жойда ҳам ҳуқуқшунослик фани тестология қоидаларига зид келаётганини кўрсатяпти. Чунки бола ўқиган дастур ўзгармаса-да, у ўқиган билимнинг мазмуни ўзгариб кетяпти.

Нима сабабдан ўзгартиряпмиз, чунки қонун ҳужжатларида ортга қайтиш йўқ. Бола мана шу қонунни ўқиб ўқишга кирмаса, кучдан қолган юридик қонунни ўқишидан унга нима наф? Балки Адлия вазирлиги одамлар, ота-оналар, ёшлар ўртасидаги ижтимоий ўзгаришларга асосланиб бунга бошқача ёндашиши керакдир. Бу эса бизнинг ваколатимиздан ташқаридаги нарса”, – деди у.

Аввалроқ ҳуқуқ фанидан тест топширган абитуриентлар Билимларни баҳолаш агентлиги дарсликка киритилмаган саволлардан фойдалангани, тестларда тўғри жавоблар сони бир нечта экани, имтиҳондаги тестлар намунавий тестлардан фарқ қилганидан шикоят қилишган эди.

Мавзуга оид