Жаҳон | 15:18 / 12.08.2024
5484
3 дақиқада ўқилади

Россия Мудофаа вазирлиги раҳбари «махсус операция»ни Ғарб билан қуролли қарама-қаршилик деб атади

Бунга АҚШ ва унинг иттифоқчиларининг ўз ҳукмронлигини сақлаб қолиш истаги сабаб бўлмоқда, деди Андрей Белоусов.

Фото: Telegram / forumarmy

«Махсус ҳарбий операция» - бу Россия ва Қўшма Штатлар бошчилигидаги коллектив Ғарб ўртасида қуролли қарама-қаршилик.

Бу ҳақда Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов «Армия-2024» форумининг очилиш маросимида айтиб ўтди, деб хабар бермоқда 12 август, душанба куни Россия давлат ОАВ.

Унинг сўзларига кўра, бу қуролли қарама-қаршилик «АҚШ ва унинг иттифоқчиларининг ўз ҳукмронлигини сақлаб қолиш, янги кўп қутбли ва тенг дунё тартибини барпо этиш олдини олиш истаги туфайли юзага келган».

«Шу маънода, бу қарама-қаршилик ҳар бир давлат манфаатларига дахлдор», деб таъкидлади Россия мудофаа вазири.

Шуни тушуниш керакки, бундай замонавий ҳарбий можароларда муваффақиятга эришиш фақат қатор асосий шартлар бир вақтнинг ўзида бажарилган тақдирдагина мумкин, деди Россия мудофаа вазирлиги раҳбари.

«Биринчидан, қўшинларни энг замонавий қуроллар билан таъминлаш. Аввало, юқори аниқликдаги қуроллар. Иккинчиси - жанговар операцияларнинг янги тактик усулларидан фойдаланиш. Жумладан, учувчисиз тизимлар ва робот тизимларини қўллаш», - деди Белоусов.

Вазир айтиб ўтган учинчи шарт илғор технологик асослардан, жумладан, сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда самарали бошқарув тизимини яратиш.

Тўртинчидан, ҳарбий кадрлар, асосан қўмондонлик таркибини тайёрлашни мунтазам такомиллаштириш, деди Белоусов.

«Фақат ана шундай комплекс ёндашув душманга нисбатан тўлиқ устунликни беради. Айнан шу асосий хулоса атрофида «Армия» форуми ишини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди», деб таъкидлади Россия Федерацияси мудофаа вазири.

«Армия-2024» форуми «Патриот» конгресс-кўргазма марказида очиляпти ва 2024 йил 12-14 август кунлари бўлиб ўтади, кўргазманинг умумий майдони 340 минг квадрат метрдан ошади. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, форумда 83 давлатдан расмий ҳарбий делегациялар, мудофаа идоралари бошлиқлари ва бош штаб бошлиқлари бошчилигидаги 39 делегация иштирок этади. Форумда 120 дан ортиқ хорижий компаниялар вакиллари қатнашяпти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид