Жаҳон | 07:45 / 14.08.2024
3028
3 дақиқада ўқилади

Аббос Фаластин масаласида тинчлик конференцияси ўтказишга чақирди

Тинчлик конференцияси ўтказилиши халқаро ҳамжамиятнинг «икки халқ учун икки давлат» тамойилини амалга оширишга интилишини кўрсатиши керак, деди ФММ раҳбари Путин билан учрашувда.

Фото: EPA / UPG

Фаластин миллий маъмурияти (ФММ) раҳбари Маҳмуд Аббос Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар чоғида халқаро ҳамжамиятни Фаластин муаммоси бўйича халқаро тинчлик конференцияси ўтказишга чақирди, деб хабар қилди Фаластиннинг WAFA ахборот агентлиги 13 август, сешанба куни. Аббоснинг сўзларига кўра, бундай конференциядан мақсад фаластинликларга халқаро ҳамжамият «икки халқ учун икки давлат» тамойилини амалга ошириш имкониятига жиддий қарашига умид беришдир.

Дунё давлатлари Исроилни халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишга ва Халқаро суд қарорларини бажаришга ундашлари керак, деди ФММ раҳбари. У Фаластиннинг Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, Исроил қўшинларини минтақадан тўлиқ олиб чиқиб кетиш, Иордан дарёси Ғарбий соҳилидаги кўчманчилар ҳужумлари ҳамда Қуддусдаги мусулмонлар ва насронийларнинг муқаддас қадамжоларини бузишни тўхтатиш талабларини яна бир бор такрорлади. 

Путин: Россиянинг Фаластин давлати зарурлиги ҳақидаги позицияси ўзгаришсиз қолмоқда 

Путин Маҳмуд Аббос билан Москвада бўлиб ўтган учрашувда Россия ҳар доим Фаластин-Исроил можаросини тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори бўлганини ва бу борадаги Россия позицияси «ўзгаришсиз» эканини таъкидлади. «Бу узоқ вақт олдин ишлаб чиқилган. Биз минтақада узоқ муддатли, ишончли, барқарор тинчликни таъминлаш учун БМТнинг барча қарорларини амалга ошириш ва биринчи навбатда, барқарорликни таъминлаш зарур деб ҳисоблаймиз», - дея Кремл унинг сўзларидан иқтибос келтиради. 

Яқин Шарқдаги кескинлашув

7 октябр куни эрталаб Ҳамаснинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
 
Ҳамаснинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида Ҳамасга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери деярли 40 минг фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид