Бугун, 16 август куни Англия Премер-лигасида янги мавсум бошланади – Тошкент вақти билан соат 00:00 да «МЮ» «Фулҳэм»ни қабул қилади. Мавсумда интрига етарлича. Микел Артета ва Пеп Гвардиоланинг қаторасига учинчи қарама-қаршилиги, «Ливерпул»да Юрген Клоппсиз ҳаёт, «Челси» номидаги хаос, яна бир қизиқарли интрига эса – Чемпионшипдан чиққан делегатлардан бирортаси лигада қолиш-қолмаслиги бўйича (ўтган мавсумда учала жамоа ҳам қуйи лигага равона бўлганди).

«Манчестер Сити»
Трансфер харажатлари: 25 млн евро
Сотувдан даромад: 116 млн евро

Пеп Гвардиоланинг шартномаси муддати 2025 йил ёзига қадар тузилган, шу туфайли мухлислар «Сити»дан камида яна битта кучли мавсум кутиши мумкин. Стартда жамоа механизмида яна бироз муаммолар кузатилиши эҳтимоли бор (ҳозирча асосий таркиб футболчиларининг барчаси ҳам майдонга тушишга тайёр эмас), аммо баҳорга бориб бу жамоа даҳшатли суръатда ҳаракатланиб, лигадаги ҳар қандай интригани ўлдира олади. Сўнгги мавсумларда айни шу ҳолат такрорланмоқда.

Жамоа Хулиан Алварес билан хайрлашди, аргентиналик ҳужумчи 75 млн евро эвазига «Атлетико»га ўтди. Жамоа фарм клублари тизимидан Савио етишиб чиқди – «Труа» ушбу 20 ёшли бразилиялик вингер учун 25 млн евро ишлаб олди. У ўтган мавсумда Испания чемпионатида «Жирона» сафида ижара асосида ўйнаб, гол ва пас тизимида 9+10 натижасини қайд этганди. У янги жамоасида Жереми Доку ва Жек Грилишга рақобат кўрсатади.

Жамоанинг қолган чизиқларида деярли ўзгаришлар йўқ. Эрлинг Ҳоланд голларни қалаштиришга тайёр, Фил Фоден жамоанинг янги етакчиси сифатидаги ролини мустаҳкамлаш йўлида. У кексаяётган Кевин Де Брюйне ва Кайл Уокернинг ўрнини эгаллаши мумкин.

Жамоа янги мавсумдаги илк совринни қўлга киритиб улгурди – Англия Суперкубоги учун баҳсда «МЮ» пеналтилар сериясида мағлуб этилди. Аммо ёмон хабар ҳам бор – ёздаги йиғинларнинг энг яхши футболчиси бўлган Оскар Бобб жароҳат олди ва уч-тўрт ой муддатга сафдан чиқди.

Мавсумолди йиғини

«Сити» — «Селтик» — 3:4 – Бобб (О’Райли), Перроне (Бобб), Ҳоланд (Бобб)
«Сити» — «Милан» – 2:3 — Ҳоланд (Бобб), Макэйти (Ҳэмилтон)
«Сити» — «Барселона» – 2:2 — О’Райли (Гвардиол), Грилиш (Ковачич)