Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитой АҚШ ва Японияни Жанубий Хитой денгизидаги вазиятга аралашишда айблади
Хитой мамлакатлар ўртасида мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик ҳеч қандай учинчи томонни нишонга олмаслиги ёки минтақавий тинчлик ва барқарорликка путур етказмаслиги керак деган позицияни эгаллайди, дейилади баёнотда.
Пекин АҚШ ва Японияни Жанубий Хитой денгизидаги вазиятга аралашишда давом этаётгани учун қоралади. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси Мудофаа вазирлиги расмий вакили Чжан Сяоганг маълум қилди, дея хабар беради Хитойнинг «Синхуа» ахборот агентлиги.
«Хитой давлатлар ўртасида мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик ҳеч қандай учинчи томонни нишонга олмаслиги ёки минтақавий тинчлик ва барқарорликка путур етказмаслиги кераклиги ҳақидаги позицияга содиқдир», деди расмий вакил Вашингтоннинг Филиппинга 500 миллион долларлик ҳарбий ёрдами ва Япониянинг яқинда Филиппин билан ўтказган қўшма ҳарбий машғулотларини шарҳлар экан.
Унинг қайд этишича, Хитой Нанхай Чжудао (Жанубий Хитой денгизи ороллари) ва унга туташ сувлар устидан шубҳасиз суверенитетга эга.
«Биз ҳудудий суверенитетимиз, денгиз ҳуқуқлари ва манфаатларимизни ҳимоя қилиш учун ҳужумлар ва провокацияларга қарши қонуний жавоб чораларини қатъий кўрамиз», деди Хитой мудофаа расмийси.
Жанубий Хитой денгизи атрофидаги ҳудудий низолар
Жанубий Хитой денгизи қирғоқбўйи мамлакатлари Иккинчи жаҳон урушидан кейин мустақилликка эришганидан бери ҳудудий баҳслар мавзуси бўлиб қолмоқда.
Биринчи марта 1947 йилда чоп этилган харитага кўра, Хитой Жанубий Хитой денгизининг 80 фоиздан ортиғи суверенитетига даъво қилади. Филиппин, Виетнам, Бруней ва Малайзия каби қирғоқбўйи қўшни давлатлар ҳам минтақадаги ҳуқуқларга даъво қилмоқда.