Жаҳон | 12:09 / 23.08.2024
2311
2 дақиқада ўқилади

Финландия Россия билан чегара яқинида 5000 гача НАТО аскарини жойлаштиради

Россия билан чегара яқинида НАТОнинг 4-5 минг кишидан иборат бригадаси жойлаштирилди, деб ёзади Финландиянинг Iltalehti нашри. Финландия расмийлари Россияга қарши тийиб туриш позициясини мана шундай кучайтирмоқчи.

Фото: AP

Финландия ҳукумати ташқи таҳдидларни бартараф этиш учун мамлакат ҳудудида НАТО бригадасини жойлаштиришга қарор қилди. 22 август, пайшанба куни Финландиянинг Iltalehti нашри Шимолий Атлантика алянсидаги манбаларга таяниб, 22 август куни Россия билан чегарага яқин жойлашган Миккели шаҳрида 4000-5000 нафар аскар ва офицердан иборат янги тузилма шакллантирилиши ва жойлаштирилишини маълум қилди.

«Финландия мудофаа кучлари ва давлат раҳбарияти Финландия профилактика чораларини кучайтириш учун ўз ҳудудида НАТО мамлакатлари аскарлари бўлиши керак, деган хулосага келди», деб ёзади нашр. Унга кўра, зирҳли техникалар билан қуролланган бригадага, хусусан, Швеция ва Норвегия ҳарбий хизматчилари қўшилади. Келгуси ҳафталарда алянс вакиллари ва Финландия расмийлари НАТОнинг янги таркибини жойлаштириш ҳақида эълон қилишлари кутилмоқда. «Қарорлар аллақачон қабул қилинган», деб хабар беради Iltalehti манбаларга таяниб.

Финландиядаги НАТО бригадаси Россияни тийиб туриш учун

Ҳарбийларни бошқариш учун АҚШнинг шарқий соҳилидаги Норфолкдаги алянс штаб-квартирасига бўйсунувчи Миккели шаҳрида НАТО штаби ташкил этилади. Штабни яратишга тайёргарлик ўтган йилнинг баҳоридан бери давом этмоқда, деб ёзади Iltalehti. Хусусан, Миккелига НАТОнинг Норфолк штаби қўмондони ўринбосари, Британия контр-адмирали Тим Генри ташриф буюрди. «Биз русларга тўғридан тўғри хабар юборишни истаймиз - ва буни омма олдида қилмоқчимиз. Иттифоқ ўз позициясида жуда аниқ: Россия евроатлантика минтақасига таҳдид солмоқда», - деди Генри бу ташрифи чоғида.

Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши фонида Финландия 2023 йилда НАТОга қўшилди ва шу билан 75 йиллик бетарафлик даврини тугатди. Натижада алянснинг Россия билан умумий чегараси икки баробарга ортиб, 2600 километрга етди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид