Жаҳон | 08:52 / 24.08.2024
6331
2 дақиқада ўқилади

АҚШ 400 га яқин компания ва жисмоний шахсларга қарши санкция киритди

АҚШ санкциялари рўйхатига Россия Федерациясига санкцияларни четлаб ўтиш ва Украинадаги урушдан пул ишлашга ёрдам берадиган шахслар ва компаниялар кирди.

Фото: Reuters

Қўшма Штатлар Россия билан алоқадор бўлган 400 га яқин киши ва ташкилотларга қарши санкциялар киритди. Мамлакат Молия вазирлигининг 23 август, жума куни эълон қилинган пресс-релизида маълум қилинишича, санкция қўйилган компаниялар ва жисмоний шахслар Москвага санкцияларни четлаб ўтишда ва уни Украинага қарши урушда фойдаланилган товарлар ва хизматлар билан таъминлашда ёрдам бермоқда.

Бошқалар қаторида, Россия мудофаа вазири Андрей Белоусовнинг ўғли ва келини, Москва заргарлик заводи, Волга-Днепр авиакомпанияси, AirBridgeCargo, «Норилск Авиа», Магнитогорск темир-пўлат заводи, шунингдек суюлтирилган газни ташиш учун кемалар санкция остида қолди.

ЕИнинг Россияга қарши санкциялари 14-пакети 

Россиянинг Украинага қарши давом этаётган ҳарбий ҳужумига жавобан Россия Федерациясига қарши 14-санкция пакети 24 июн куни Европа Иттифоқи томонидан ниҳоят тасдиқланди. У, хусусан, Россиянинг суюлтирилган газ саноатига қарши чоралар ва Европа компанияларининг учинчи мамлакатлардаги шуъба корхоналари томонидан санкцияларни четлаб ўтишни ўз ичига олади. Россия Федерациясининг 116 жисмоний ва юридик шахслари ҳам чекловларга дуч келди.

«Россия SWIFT'и» деб аталадиган тизим ҳам санкцияларга дучор бўлди: Марказий банк томонидан яратилган молиявий хабарларни узатиш тизими ("СПФС"), у орқали Россия билан баъзи операциялар амалга оширилганди. Марказий банк маълумотларига кўра, йил бошида "СПФС" 556 рус ва хорижий фойдаланувчиларга эга эди. Улардан 159 таси 20 та хорижий давлатдан, шу жумладан 58 таси банкдир. Bloomberg хабар беришича, улар орасида Хитой, Беларус, Арманистон, Тожикистон ва Қозоғистон банклари бор.

Мавзуга оид