Жаҳон | 07:19 / 26.08.2024
17194
2 дақиқада ўқилади

Telegram Дуров ҳибсга олинганидан кейин биринчи расмий баёнотни эълон қилди

Telegram жамоаси Павел Дуровнинг ҳибсга олинишига биринчи марта изоҳ бериб, расмий баёнотни эълон қилди. Унда «платформа ёки унинг эгаси ушбу платформадаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгар эканлигини даъво қилиш бемаънилик» экани айтилган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Telegram жамоаси ижтимоий тармоқ асосчиси ва бош директори Павел Дуровнинг ҳибсга олинишига биринчи марта изоҳ бериб, якшанба куни кечқурун расмий баёнотни эълон қилди, унда «платформа ёки унинг эгаси ушбу платформадаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгар эканлигини даъво қилиш бемаънилик» экани айтилган.

«Telegram Европа Иттифоқи қонунларига, жумладан, Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунга амал қилади – унинг модерацияси соҳа стандартларига жавоб беради ва доимий равишда такомиллаштирилади. Telegram бош директори Павел Дуровнинг яширадиган ҳеч нарсаси йўқ ва у тез-тез Европа бўйлаб саёҳат қилади. Платформадаги суиистеъмолликлар учун платформа ёки унинг эгаси жавобгар, деб даъво қилиш бемаъниликдир», - дейилади баёнотда. 

Таъкидланишича, «дунё бўйлаб қарийб бир миллиард фойдаланувчи Telegram’дан мулоқот воситаси ва муҳим маълумотлар манбаи сифатида фойдаланади». 

«Биз ушбу вазиятнинг тезроқ ҳал этилишини кутмоқдамиз. Telegram сиз билан», — дейилади хабарда. 

Аввал хабар қилинганидек, Telegram мессенжери асосчиси ва бош директори Павел Дуров шанба куни кечқурун Францияда ҳибсга олинди. 

Франция ҳуқуқ-тартибот органлари Дуровни «наркотиклар айланмаси, болаларга қарши жиноятлар ва фирибгарлик»да айбламоқда. Бунга сабаб қилиб мессенжерда модерация йўқлиги ва қонунни ҳимоя қилувчи органлар вакиллари билан ҳамкорликдан бош тортгани кўрсатилмоқда. 

Мавзуга оид