ТТЖга онлайн ариза бериш
1 августдан ўқув йили охиригача талабалар турар жойига эҳтиёжи борларга онлайн ариза бериш имкони берилган. Бунинг учун талаба аввало my.gov.uz сайтида рўйхатдан ўтиб, шахсий кабинет яратиши керак. Кейин сайтдаги таълим бўлимини танлайди. У ердан талабалар турар жойига жойлашиш учун ариза юбориш деган бўлимга ўтади. Бўлимда керакли маълумотларни тўлдириб, ариза жўнатади.
Кейинги босқичда “жараёнда” деган ёзув чиқиб туради. Бу ёзув қанча муддат экани маълум эмас. Чунки ариза топширувчилар сонини олдиндан айтишнинг имкони йўқ. Қолаверса, тартиб бўйича, дастлаб имтиёзга эга талабаларга ётоқхона берилади.
Ётоқхона учун шартнома қандай олинади?
Ариза кўриб чиқилгач, “аризангиз қабул қилинди” деган ёзув чиқади. Ва автоматик равишда ётоқхона учун шартнома шакллантирилади. Худди шу пайтда талаба QR-кодли йўлланма ҳам чиқади. Талаба шу код орқали ТТЖга жойлашади. Унда талабага нечанчи ётоқхонадан жой берилиши кўрсатилади. Шунингдек, шартномада ТТЖ бўйича масъуллар телефон рақамлари бор. Талаба шу рақам билан боғланиб, қўшимча маълумот олиши мумкин. Ётоқхона хонаси эса талаба борганидан кейин аниқ бўлади.
Ариза берганлар қачон ётоқхонага жойлашиши мумкин?
Бу ҳақида ҳар бир ОТМ ўз имкониятидан келиб чиқиб эълон беради. Масалан, Ўзбекистон Миллий университети маъмурияти шартнома олиб, тўлов қилган талабаларнинг 4-14 сентябр оралиғида ТТЖга келишини сўраяпти. Бошқа ОТМларда вазият бироз фарқ қилиши мумкин. Шунинг учун ётоқхонага жойлашмоқчи бўлган талабалар олийгоҳнинг расмий ижтимоий саҳифаларини доимий кузатиб туришлари тавсия этилади. Ёки шартномада кўрсатилган телефон рақамга қўнғироқ қилиб, жойлашиш саналарини аниқлаштириб олса ҳам бўлади.
Ётоқхона тақсимотида кимларга имтиёз берилади?
Вазирлар Маҳкамасининг 376-сон қарори билан тасдиқланган регламентга кўра, қуйидагилар ётоқхона олишда имтиёзга эга:
- “Меҳрибонлик уйлари” тарбияланувчилари, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабалар;
- “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”, “темир дафтар” ва “аёллар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари ҳамда “ёшлар дафтари”да турадиган талабалар;
- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар;
- бир оиладан бакалавриат босқичи кундузги таълим шаклида икки ёки ундан ортиқ тўлов-шартнома асосида ўқиётган оилалар фарзандлари;















