Жаҳон | 09:24 / 29.08.2024
8619
2 дақиқада ўқилади

МРБ раҳбари ўринбосари: Киев Россияда эгаллаган ҳудудларни сақлаб қолиш ниятида

Украина ўзи назорат қилаётган Россия ҳудудларининг бир қисмини бир муддат сақлаб қолишни режалаштирмоқда, дейди Дэвид Коэн. Шу билан бирга, у Курск вилоятида Украина қуролли кучлари томонидан мудофаа чизиқлари қурилишига ишора қилди.

Фото: Viacheslav Ratynskyi/Reuters

Украина Курск вилоятида август ойи бошида бошланган ҳарбий амалиётлар чоғида Украина қуролли кучлари назоратига ўтган ҳудудларни бир муддат ушлаб туриш ниятида. Бу ҳақда 28 август, чоршанба куни бўлиб ўтган IntelSummit 24 хавфсизлик конференциясида АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) раҳбари ўринбосари Дэвид Коэн маълум қилди. 

Киев расмийлари қўлга киритилган Россия ҳудудини аннексия қилиш нияти йўқлигини айтса-да, Украина қўшинлари мудофаа чизиғини қурмоқда ва «бу ҳудудларнинг бир қисмини маълум муддат ушлаб туриш» ниятида бўлиши мумкин», дея Коэннинг сўзларидан иқтибос келтирган Reuters агентлиги. 

Коэн: Курск вилоятидаги ҳудудларни қайтариш осон бўлмайди 

Марказий разведка бошқармаси бошлиғи ўринбосарининг сўзларига кўра, Россия президенти Владимир Путин Курск вилоятидаги ҳудудларни қайтариб олиш учун қарши ҳужумга ўтади, бироқ рус кучлари «оғир жангга» дуч келади. Бундан ташқари, Путин Россия ҳудудини йўқотгани сабабли «ўз жамиятидаги акс-садоларга» дуч келиши керак, деди Коэн. Унинг таъкидлашича, Украинанинг Россия Федерациясига бостириб кириши, бунинг натижасида Курск вилояти ҳудуди бир қисми Украина қуролли кучлари назоратига ўтгани ҳалигача етарли даражада баҳоланмаган. 

Коэн Украинанинг Донецк вилояти Киев назоратидаги ҳудудида жойлашган Покровск шаҳри учун олиб борилаётган жанглар ҳақида ҳам фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра, рус қўшинлари «катта йўқотишлар билан» унга яқинлашмоқда. 

Украина қуролли кучлари 6 августдан буён Курск вилоятида кенг кўламли ҳужум операциясини ўтказмоқда. 27 август куни Украина қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский 1294 квадрат километр ҳудудда жойлашган 100 та аҳоли пункти Украина назорати остида эканлигини маълум қилди. Унга кўра, ҳужум доирасида Украина қуролли кучлари жангчилари 594 нафар россиялик аскарни асирга олган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид