Спорт | 13:53 / 29.08.2024
1855
15 дақиқада ўқилади

Палмердан Мейнугача: АПЛ клубларининг «жавоҳирлар»и

Англия Премер-лигасининг бу мавсуми ҳар йили кузатилганидек кўплаб ёш юлдузларни дунё футболига тақдим этмоқда. Ҳар бир клубда дунё даражасидаги ноёб топилмалар борки, улар дунёнинг энг кучли чемпионатига қўшимча интрига бахш этади. Қуйида ҳар бир АПЛ клубининг энг умидли футболчилари ҳақида сўз юритамиз.

«Арсенал» — Итен Нванери

Ёши: 17

Позицияси: яримҳимоячи

U-17 жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ўсмирларига қарши ўйини билан ўзбек футболининг зийрак мухлисларига яхши таниш бўлган Итен 15 ёшида АПЛда дебют қилиб, рекорд ўрнатганди. Ҳамон асосий таркибда стабил ўрин топа олмаганига қарамай, «тўпчилар»нинг ўз тарбияланувчисидан умидлари катта. Англияда унга «Челси» қизиқаётгани ҳақида миш-мишлар юрибди, аммо ишончли манбаларнинг таъкидлашича, «Арсенал» ёш футболчиси билан 18га тўлиши билан узоқ муддатли шартнома тузиш бўйича келишиб қўйган.

«Ҳейл Энд» дунё футболига Ҳарри Кейн, Серж Гнабри, Букайо Сака, Эмилиано Мартинес ва бошқа кўплаб юлдузларни етиштириб берган. Нванери ҳам юқоридаги юқоридаги топ-футболчилар йўлидан кетмоқда.

«Астон Вилла» — Жон Дюран

Ёши: 20

Позицияси: ҳужумчи

МЛСдан 18 млн фунтга футболчи харид қилиш ҳолати камдан кам учрайди, аммо Дюран ўтган мавсум давомида беқарорлик билан бўлса-да, ушбу катта харажат сабабларини «кичик чақнаш»ларида кўрсата олди. «Ливерпул»га қарши «Вилла Парк»да ўтган беллашувдаги дубл фикримизга исбот бўлиши мумкин.

Унинг иқтидоридан бошқа клублар ҳам хабар топган. Хусусан, «Вест Ҳэм» уни ўз ҳужум марказидаги узоқ вақтли беқарорликни ҳал қилиши мумкин бўлган талант сифатида кўради. Ўз фаолиятининг чўққисида бўлиб турган Олли Уоткинс билан рақобат сабаб заҳирада қолиб кетиши эҳтимоли Дюранни Бирмингҳэмни тарк этишга ундаши мумкин. Дюран кетган тақдирда, ўтган мавсум «Барселона» билан курашда ютиб олинган Жейден Филожин ёки мавсумолди йиғинларда клубнинг асосий эътибор марказига айланган Морган Рожерс ҳам унинг ўрнини босиши мумкин.

«Борнмут» — Алекс Скотт

Ёши: 20

Позицияси: яримҳимоячи

«Борнмут»ни 25 млн фунтга футболчи сотиб олишини доим ҳам кўравермайсиз, аммо «олчаранглар» билан янги ғоялар асосидаги жамоани қурмоқчи бўлган Андони Ираола Алекс Скоттни шу нархга лойиқ кўради. У бугунги кунгача Англиянинг турли ёшлардаги жамоаларида 24 та ўйинда майдонга тушишга улгурган. Айнан шу баҳслар ва «Бристол Сити»даги ҳаракатлари унинг техникаси юқори, майдонни кўра оладиган футболчи эканлигини исботлаган. Унинг ҳужумдаги маҳорати ҳимояланишдаги фойдали иш коэффициэнтига қўшилиб, универсал яримҳимоячи профилини яратади: ўтган мавсумда у ҳар 90 дақиқа ҳисобидан ўртача 2,1 та муваффақиятли подкат ва 1,1 та яккама-якка курашда рақибдан тўпни олиб қўйишни уддалаган.

«Брентфорд» — Фабиу Карвалю

Ёши: 21

Позицияси: яримҳимоячи

Томас Франк — иқтидорларни топиб, уларни катта футболга ўтказишни қойиллатадиган мутахассис. Португалиялик футболчи эса «Ливерпул»да ўз ўрнини тополмади ва ижарада юришдан чарчади. Лондон клубига унинг трансфери 27,5 млн фунтга тушганидан ҳам Карвалюни Мерсисайдда қандай қадрлашганини билиб олса бўлади.

У аллақачон «арилар» сафидаги дебютини ўтказишга улгурди, аммо унинг олдида асосий таркибдан муқим жой эгаллаш вазифаси турибди, зеро «Брентфорд»да ҳам у учун бошланғич таркиб кафолатланмаган.

«Брайтон» — Янкуба Минте

Ёши: 20

Позицияси: ҳужумчи

«Чағалайлар» сўнгги йилларда дунёнинг турли бурчакларидан иқтидорларни топиб келиб, уларни Премер-лига даражасидаги футболчиларга айлантиришмоқда. Гамбиялик ҳужумчи «Фейеноорд»даги ижарасида 10 та гол урган бўлса-да, «Нюкасл»да асосий таркибга кира олмади. Мавсумолди йиғинларда эса у «Брайтон»да ўзини кўрсатишга муваффақ бўлди ва ўзига сарфланган 30 млн фунтга яқин маблағни оқлашга қодирлигини исботлади. Энди буларни АПЛда ҳам намойиш этиш масъулияти турибди.

«Челси» — Коул Палмер

Ёши: 22

Позицияси: яримҳимоячи

Лондонликлар сафида Палмердан ҳам ёш футболчилар ўйнамоқда, аммо уларнинг асосий таркибдаги ўрни кафолатланмаганидек, клубда қолиши ҳам сўроқ остида. Ўтган мавсумдаги кутилмаган трансферидан сўнг англиялик футболчи 42та учрашувда иштирок этиб, 27 та гол ва 15 та ассист муаллифига айланди. Ушбу рақамлар ҳақли равишда унга Англия футбол ёзувчилари уюшмасининг «Энг яхши ёш футболчи» совринини олиб келди. Яримҳимоячи янги мураббий Маресканинг ҳам жамоадаги асосий қуролига айланиши кутилмоқда ва «Вулверҳэмптон»га қарши баҳсдаги 1+3 кўрсаткичи фикримизни исботламоқда.

«Кристал Пэлас» — Матеус Франса

Ёши: 20

Позицияси: яримҳимоячи

Лондон клубини Бразилия иқтидорлар бозорининг доимий харидорларидан деб бўлмайди. Аммо 20 ёшли Матеус Франсанинг трансферига 26 млн фунт-стерлинг сарфлашгани барчанинг эътиборини тортди. «Фламенго»даги 2 йиллик фаолияти билан «бургутлар»ни шундай катта харажат қилишга мажбур қилган яримҳимоячи ўтган мавсум 10 та учрашувда майдонга тушди. Оливер Гласнер одатда тажрибали футболчиларга таянадиган лондонликларни ўзгартириш пайида.

«Эвертон» — Жерред Брэнтуэйт

Ёши: 22

Позицияси: ҳимоячи

Жерред бир неча йил аввал Фрэнк Лэмпард қўл остида «мерсисайдликолар сафига ёриб кирганди. Лекин ўшанда мураббий уни ривожланиши учун ПСВга ижарага бериб юборганди. Нидерландиядаги фаолияти ҳимоячига росмана фойдали бўлди ва энди у «Эвертон»да нафақат энг яхши ёш футболчи, балки Шон Дайч қўл остидаги таркибда энг яхшиси бўлишга номзод.

Ёз давомида унинг Англия грандларидан бири, хусусан, «Манчестер Юнайтед»га ўтиши кутилганди. Аммо Ливерпул клуби уни камида яна бир мавсум олиб қолишга қарор қилди.

«Фулҳэм» — Жей Стенсфилд

Ёши: 21

Позицияси: ҳужумчи

Ҳарви Эллиот, Фабиу Карвалю, Эберечи Эзе, Раян Сессенён, ва Муса Дембеле сўнгги йилларда «Фулҳэм» академиясидан чиққан иқтидорларнинг айримлари, холос. Жей Стенсфилд ушбу рўйхатни муваффақиятли давом эттира оладиган футболчидек кўринмоқда.

Тивертонда туғилган футболчи икки мавсум аввал Марку Силва қўл остида бир нечта ўйинда иштирок этган ва кейинги мавсумда «Бирмингҳэм»га ижарага бериб юборилди. Қуйи лигада у 43 та учрашувда майдонга тушиб, 12 та гол уришга эришди. Португалиялик мураббий ундан ушбу мавсумда фойдаланиши кутилмоқда ёки унинг кейинги ижарага кетадиган жамоаси юқори дивизион клуби бўлади.

«Ипсвич Таун» — Лиэм Делап

Ёши: 21

Позицияси: ҳужумчи

«Манчестер Сити» академияси тарбияланувчиси ўз клубида ўринга эга бўла олмади. Дунёнинг энг яхши страйкерларидан бири бўлган Эрлинг Ҳоланднинг яқин орада манчестерликларни тарк этиш нияти йўқлигини ҳисобга олган ҳолда, Делапнинг «шаҳарликлар» сафини тарк этиш қарори тушунарли.

Ўтган мавсумни «Ҳалл Сити»да ижарада ўтказган Лиэм 31 та учрашувда майдонга тушиб, 8 та гол уришга эришди. Мавсум дебютанти «Ипсвич» у каби бир нечта ёш футболчиларни харид қилди ва ушбу иқтидорлар уларни Премер-лигада олиб қолишидан умид қилмоқда.

«Лестер» — Абдул Фатаву

Ёши: 20

Позицияси: ҳужумчи

«Брайтон»дан ижарага ўтган Факундо Буонанотте анча иқтидорли футболчи сифатида Премер-лигада танилишга улгурган бўлса-да, «тулкилар» мухлислари ҳуқуқий жиҳатдан ўз клубларига тегишли ганалик ҳужумчининг порлашига кўз тикишган. Фатаву ўтган мавсум Чемпионшипда 40 та учрашувда майдонга тушди ва 6 та гол, 13 та ассист амалга ошириб, клубининг АПЛга қайтишига катта ҳисса қўшди. Фатавунинг юқори дивизиондан энди тушиб келган «Саутҳэмптон»га қарши беллашувда қайд этган ҳет-трик ва битта ассисти кўпчиликнинг эътиборига тушганди.

«Ливерпул» — Ҳарви Эллиот

Ёши: 21

Позицияси: яримҳимоячи

Юрген Клопп балки атайин ёки кўплаб жароҳатлар сабаб ўтган мавсумда Ҳарви Эллиот хизматларига кўпроқ мурожаат қилганди (27 марта). Шу билан бир қаторда 21 ёшли футболчининг асосий таркибга интеграцияси ҳам жуда яхши кечганини эътироф этиш керак. Яримҳимоя ва ҳужум қанотида у дарҳол элита даражасидаги ўйин кўрсата бошлади, футболчининг жисмоний кўрсаткичлари ҳам «Ливерпул» услубига хос гегенпрессингга тўғри келмоқда.

Ҳарвининг энг катта фойдаларидан бири — Муҳаммад Салоҳ Африка Миллатлар Кубогига кетган пайтда унинг ўрнини ёпа олгани. Арне Слот ундан қай йўсинда ва қанчалик фойдаланиши мавҳум, аммо футболчи нидерландиялик мураббий қўл остида ҳам йўқолиб қолмаслигига ишонч бор.

«Манчестер Сити» — Оскар Бобб

Ёши: 21

Позицияси: ҳужумчи

Оскарни янги топилган иқтидорлар сафига қўша олмаймиз, аммо ҳеч ким унинг бир мавсум аввал требл ютган жамоада ўз ўрнига бу қадар тез эга чиқишига ишонмагани табиий. Кутилмаган жароҳат унинг фаолиятига таъсир қилмаса, у қайтгач Гвардиоланинг тезкор ротацияга асосланган услубининг бир қисмига айлана олади. Боиси, унинг жароҳатигача ҳеч қандай трансферга қўл урмаган «шаҳарликлар» Бобб оёғини синдириб олгач, дарҳол ҳужумкор яримҳимояда ўйнай оладиган Гундўған билан шартнома тузишди.

Аммо Пеп янги трансфер сиёсатига ўтаётган «Сити»да Оскар Бобб, Жеймс Макейти, Рико Люис каби академиядан чиққан иқтидорларга таяниб мавсумга кирмоқда.

«Манчестер Юнайтед» — Кобби Мейну

Ёши: 19

Позицияси: яримҳимоячи

АПЛдаги дебютини 2 мавсум аввал Эрик тен Ҳаг қўл остида ўтказган Кобби дастлабки мавсумида барча мусобақаларда жами 3 та беллашувда майдонга тушди. Аммо ўтган мавсум у ўз позициясига трансфер қилинган ва ижарага олиб келинган акаларини уялтириб қўядиган даражада зўр ўйнаб, 35 та баҳсда майдонга тушди.

19 ёшли футболчининг бутун майдон бўйлаб қиладиган ишлари кўлами ақлбовар қилмас даражада. Унинг меҳнати муносиб қадрланиб, ёзда Гарет Саутгейт томонидан Европа чемпионатига жалб қилинди.

«Нюкасл» — Люис Майли

Ёши: 18

Позицияси: яримҳимоячи

2023 йил майида U-17 Европа чемпионати учун миллий жамоадан чақирув олган футболчини Эдди Ҳау қўйиб юбормаган ва Премер-лиганинг якуний турларида унга имкон бермоқчилигини айтганди. Дарҳақиқат, мураббий сўнгги турларда ёш футболчига асосий жамоада имкон берди. Ўтган мавсумда эса яримҳимоячи барча мусобақаларда 30 та ўйинда қатнашди ва улар орасида Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичидаги ҳар учала рақибга қарши баҳслар ҳам бор.

«Ноттингҳэм Форест» — Эллиот Андерсон

Ёши: 21

Позицияси: яримҳимоячи

«Нюкасл» тизимидан АПЛга кириб келган бир пайтда Эллиот Андерсондан кўп нарса кутилганди, аммо у «зағизғонлар» таркибида ўз ўрнини топа олмади. Шотландия ёки Англия ўртасида танлов қилиши керак бўлган футболчи «Ноттингҳэм Форест»га кўчиб ўтди ва энди Эшпириту Санту қўл остида асосий таркиб футболчисига айланишга ҳаракат қилиб кўради.

«Саутҳэмптон» — Тэйлор Ҳервуд-Беллис

Ёши: 22

Позицияси: ҳимоячи

«Манчестер Сити» академиясидан етишиб чиққан навбатдаги иқтидор эгаси, аммо у ҳам асосий таркибга кириш эҳтимолининг пастлигини сезган ҳолда ўзига янги клуб топди. Унгача ҳам бир нечта ижара шартномаларидан ўтган ҳимоячи Мартин Расселл жамоасида асосий таркибдан ўрин олиб, «авлиёлар»нинг Англия топ дивизионига қайтишига ёрдам берди. Энди Тэйлорнинг иқтидори элита футбол ҳужумчиларига қарши беллашувларда синовдан ўтади.

«Тоттенҳэм» — Арчи Грей

Ёши: 18

Позицияси: яримҳимоячи

«Тоттенҳэм» ёзги трансферлар давомида, асосан, ёш футболчиларни харид қилишга эътибор қаратди ва улар орасида мухлислар томонидан энг кўп гапирилаётгани «Лидс»дан Лондонга кўчиб ўтган Арчи Грейдир. Отаси Энди, бобоси Франк ва амакиси Эдди ҳам футболчи бўлган Арчининг ўтган мавсумда «Элланд Роуд»да амалга оширган ишлари таҳсинга сазовор. 18 ёшли футболчи «товуслар» сафида 52 та учрашувда иштирок этди ва мавсум якунида Чемпионшипнинг энг яхши ёш футболчиси, дея эътироф этилди.

Унинг таянчда Биссума-Бентанкур жуфтлигига ёриб кириши, ўтган мавсум бир қанча ўйин ўтказгани ўнг қанот ҳимоясида Педро Поррони енгиб чиқиши қийин бўлса-да, уларга ишончли ўринбосар бўла олиши аниқ.

«Вест Ҳэм» — Крисенсио Саммервилл

Ёши: 22

Позицияси: ҳужумчи

Хулен Лопетеги қўл остидаги «Вест Ҳэм» дастлабки ёзги трансферлар кампаниясини анча фаол ўтказди. Улар орасида энг қизиқарлиларидан бири «Лидс»дан харид қилинган Крисенсио Саммервилл бўлди. Ўтган мавсумни Чемпионшипда ўтказган футболчига Премер-лига бегона эмас ва испаниялик мураббий қурмоқчи бўлган янги услубнинг асосий қисмларидан бири бўлиши кутилмоқда. 2-дивизионда ўтказган 43 та ўйинида 19 та гол ва 9 та ассист қайд этган футболчидан «болғачилар»нинг умидлари катта.

«Вулверҳэмптон» — Родригу Гомеш

Ёши: 21

Позицияси: ҳужумчи

«Вулверҳэмптон» ва Португалия футболи боғлами аллақачон клубнинг анъаналаридан бирига айланиб улгурди. Ушбу диёрдан ёш иқтидорларни Премер-лигага олиб келиб, кўп ўтмай грандларга сотиш ортидан «бўрилар» мўмайгина даромад ишлаб олишмоқда. Ўтган мавсумни «Эшторил»да ижарада ўтказган «Брага» футболчиси 30 та учрашувда 7 тадан гол ва узатмани ҳисобига ёздириб қўйганди. «Молиню»да ҳужумчилар масаласидаги етишмовчиликлар Родригуга ўзини кўрсатишга тўлиқ имкон тақдим этади.

«Squawka» маълумотлари асосида Абдулбасит Валихонов тайёрлади

Мавзуга оид