Радиобошловчи, вайнер Акмал Мирзо ва шоир Ботир Эргашев “Ориат доно” радиосида эфирга бериладиган “Биз ким” ток шоусида давлат ташкилотларидан бюджет пулининг қандай ишлатилаётганини сўраётган журналист ва блогерларни маломат қилгани ортидан кескин танқидларга учради.
Эшиттиришда Маданият вазирлигининг харажатлари билан бирга, олимпиада совриндорларининг тақдирланиши ҳақида ҳам гап кетган. Акмал Мирзо бунга сарфланган пуллар ҳақида гапирган шартли йўл қурувчиси ва қишлоқ хўжалиги мутахассисини “пандавоқи” дея ҳақоратлаб, улар боласини яхшироқ мактабга бериш ҳақида кўпроқ ўйлаши кераклигини таъкидлаган.
“Жаҳонгир Аҳмедовнинг зўр гапи бор-да. “Баъзида ўйлаб қоламан: биз фақат футбол ўйнашни ва кино олишни билмаймиз, қолган ҳамма нарсани қотирамиз-да”. Футбол масаласини ҳамма таҳлил қила олади-да, ҳайрон қоламан, мен билмайман шекилли футболни. Келинг, кези келганда гапириб қўяйлик, ўзбек футболи Осиёда 50 та давлатнинг ичида ўнинчи бўлса ҳам ўрни бор. Ўзбек бокси дунёда биринчи ўринда! Хўп, Баҳодир Жалоловга машина берилганини, қолган боксчиларга машина бермаслик керак эди деб таҳлил қилаётган сурбет! Сен ўзингнинг соҳангда Ўзбекистоннинг қаеридасан? Даражанг қаерда ўзи? Сенинг соҳанг ўзи дунёда қаерда? Марказий Осиёда давлат миқёсида олиб қарасанг қаерда?!
Йўл қурувчилари орасида Баҳодир Жалоловни муҳокама қилаётганлар бор-да. Йўлингни қил! Сифатли қилиб йўлингни қил! Бугун қишлоқ хўжалиги соҳасида 1-2 йил олдин ташхисини қўя олмаган, олдиндан сезмаган профессионал мутахассис бугун Баҳодир Жалоловни муҳокама қиляпти. Қўпол қилиб айтганда, 9-синфда ўқийдиган боласининг 3-синф билими йўқ миясида. Болангни яхшироқ мактабга бериш ҳақида ўйла, пандавоқи!” – деган вайнер.
Бунга жавобан Акмал Мирзонинг расмий саҳифаларидаги постлар, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолари остига минглаб негатив изоҳлар ёзилди. Шундан сўнг телебошловчи чиқиш қилди ва яна одамларни айблади. Айтишича, уни танқид қилаётганлар тўлиқ видеони кўрмасдан туриб хулоса чиқарган.
“Мен кечаги тарқаган ўша постлар, бизнинг “Биз ким” дастуридаги билдирган фикрларимизга билдирилаётган муносабатларга, фикрларга бир мурожаат билан чиқяпман. Мурожаатим бошида айтмоқчиман, дастурда биз айтган фикрлар ҳеч кимнинг буюртмаси эмас. Ҳозир айтмоқчи бўлган гапларим ҳам қайсидир бир ташкилот ёки инсоннинг тазйиқи остида эмас. Мен ўзимнинг виждонимга қулоқ солиб, бу гапларни гапиряпман.
















