Иқтисодчи Отабек Бакировнинг айтишича, бюджетда истеъмолчининг иштироки бўлмаган бирор сумма йўқ, охирги тўловчи барибир халқнинг ўзи ҳисобланади. Сиёсатшунос Ҳамид Содиққа кўра эса бюджет сарф-харажатларининг муҳокама қилиниши нормал. "Бундай дискуссиялар нафақат жамият, медиа персоналар, балки сиёсатчилар ҳамда парламент доирасида бўлиши керак",– дейди у Kun.uz'га берган интервюсида.

Яқинда “Ориат Доно”нинг эфирга узатилган “Биз ким?” ток-шоусида бошловчи ҳамда шоирнинг давлат бюджети, солиқлар масаласида айтган фикрлари тармоқларда катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Эмишки, ишсиз одам ҳеч қандай солиқ тўламайди, ўзбекистонликлар – “солиқлардан қочиб юрадиган халқ”, шу сабабли уларнинг бюджетни сарҳисоб қилиши мумкин эмас.

Kun.uz бундай қараш нима учун хато экани, солиқларнинг қандай шаклланиши, ишсиз одамлар ҳам солиқ тўлаши, бюджет пуллари ҳамда самарасиз лойиҳалар ҳақида иқтисодчи Отабек Бакиров ҳамда сиёсатшунос Ҳамид Содиқ билан суҳбатлашди.

Даставвал, суҳбат учун кириш қисми қилсак. Иккингизнинг муносабатингиз қизиқ, одамлар томонидан видеодагидек фикрлар янграши нормал ҳолатми, уни эшитганда ичингиздан қандай фикрлар ўтди?

Отабек Бакиров: Мен бирданига айтиб кетаман, сиртдан баҳсга киришишни нотўғри деб биламан. Шоиримизни ҳам, ҳурматли вайнеримизни ҳам ҳурмат қиламан, одамнинг қайсидир фикри, сўзи ёки чиқиши билан тўлиқ баҳо бериб бўлмайди. Адашмасам, кеча Акмал Мирзонинг ўзи чиқиш қилиб, нима демоқчи бўлганини, айтган гапларининг айрим қутбли қисмлари бўйича қўшимча тушунтириш бериб, узр сўраганини ҳам ўзингиз кўрдингиз. Яъни бу ҳар бир одам билан юз бериши мумкин бўлган [ҳодиса ҳисобланади], айниқса тўғридан-тўғри эфирда бўладиган нарса бу. Шу жиҳатдан олиб қараганда, мен бундай фикрларни нормал деб қабул қиламан.

Баҳсда энг ярамасдек кўринган, нотўғридек кўринган ёки умумэътирофдаги позицияларни рад этадиган фикрлар ҳам янграши мумкин. Бу ерда менинг асосий эътирозларим шуки, агар буни эътироз деб ҳисоблаш мумкин бўлса, солиқ тўловчилар бюджет пуллари, тўланаётган солиқлар тўғрисида муҳокамага киришиши ёки муҳокама қилишлари тўғри эмас деган оҳанг бўлди.

Аввал ҳам айтиб келганман, охирги йилларда Ўзбекистонда аҳолининг жамият, давлатга нисбатан муносабати ўта пассив бўлган, яъни бефарқ кўринишда бўлган. Охирги йилларда шу бефарқлик секин-секин сўняпти. Одамлар фаоллашяпти. Хусусан, айнан бюджет пуллари, солиқларни тақсимлаш масаласида тинимсиз профессионалми, профессионалмасми – фарқи йўқ, [фикр] билдиришни бошлаяпти. Аксинча, одамлар бирор вазир ёки амалдордан менинг пулларим, солиқчиларнинг пуллари, “Ўзбекистон бюджети қаерга кетяпти?” деган эътирозлар кўпаяётганидан мен хурсанд бўлган бўлардим.