Kun.uz “Тарихдан ҳикоялар” рукнида бу гал Алихонтўра Соғунийнинг ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилади.

Болалик даври

Алихонтўра Соғуний 1885 йилда Туркистон ўлкасининг Тўқмоқ шаҳрида деҳқончилик билан шуғулланувчи ўзбек оиласида туғилган. Бу шаҳар ҳозирги Қирғизистон ҳудудида жойлашган. Алихонтўра ўзининг адабий тахаллусини она шаҳрининг қадимий номи Боласоғун билан боғлаган. Отаси Шокирхонтўра даврининг ўқимишли кишиларидан бўлган. У ўғлининг илм олишига алоҳида эътибор қаратади. Алихонтўра аввалига Бухоро шаҳридаги “Мир Араб” мадрасасида, кейинчалик эса Мадинадаги дорулфунунлардан бирида таҳсил олади. Табиатан заковатли, зийрак, янгиликка ўч бўлган ёш Алихонтўра Туркистонга қайтиб келганидан кейин юртдаги ижтимоий-сиёсий жараёнларга фаол тарзда аралаша бошлайди.

Биринчи жаҳон уруши давом этаётган бир паллада Туркистон халқи фронт ортидаги хизматлар учун мардикорликка олина бошлайди. Мустабид босқинчиларнинг олиб бораётган сиёсатига қарши чиққани учун бўлажак сиёсатчи рус подшоҳининг махфий полицияси назоратига тушиб қолади.

1916 йили халқ қўзғолони шафқатсизларча бостирилгач, қирғинбарот ва зўрлик авж олиб, босқинчилар эркин фикрли зиёли кишиларни ваҳшийларча қириб, қамай бошлайди. Шундан кейин Алихонтўра мамлакатда қолиш хавфлилигини сезиб, Хитой назоратидаги Қашқар шаҳрига кетишга мажбур бўлади. Кейинроқ Шарқий Туркистоннинг бошқа бир йирик шаҳри Ғулжага боради.

Шарқий Туркистон жумҳуриятининг тузилиши

Шарқий Туркистон ҳудудида тарихан уйғурлар ва кам сонли бошқа миллатлар: қозоқлар, қирғизлар, тожиклар ва ўзбеклар истиқомат қилиб келишган. XVI-XVII асрларда бу ҳудудда Уйғур хонлиги, яъни Яркент давлати бўлган. 1759 йилда ўша пайтда Хитойда ҳукмронлик қилаётган Қинг сулоласи Шарқий Туркистонни босиб олиб, ҳудудни мустамлакага айлантиради. Узоқ давом этган қаршилик ҳаракатлари натижасида 1864 йили Манжур-Хитой қўшинлари қувиб чиқарилган ва уйғурлар “Еттишаҳар” номи билан янги мустақил давлатини тиклаган. Лекин бу мустақиллик узоқ давом этмайди. 1876 йилда Хитой қўшинлари яна бостириб киришди. 8 йиллик қонли урушдан кейин Шарқий Туркистон ҳудуди Хитой таркибига қайта қўшиб олинади ва бу ерларга “янги чегара” маъносини англатувчи Синсян ёки Шинжон номи берилади.