Бир пайтлар ГДР ҳудуди бўлган Германия шарқидаги маҳаллий ер сайловлари тарихий деб аталмоқда ва уларнинг оқибатлари кучлар тақсимотини ўзгартириши ва Берлиндаги сиёсатга ўз таъсирини ўтказиши мумкин. Дастлабки маълумотларга кўра, 1 сентябр, якшанба куни ўтказилган сайловларда Тюрингияда “Германия учун муқобил” (ГуМ) партияси 33 фоиз овоз жамғариб, ғолиб чиққан. Унинг энг яқин таъқибчиси консерватив Христиан демократик иттифоқ (ХДИ) қарийб ўн фоизга ортда бормоқда.
Тюрингияда ўнг экстремистларнинг муваффақияти
2013 йилда тузилган ва Германияда ўнг популистик партия саналувчи ГуМ учун бу маҳаллий ер миқёсида рекорд муваффақият саналади. Саксонияда ҳам ГуМ етакчилар қаторига кўтарилган ва 32 фоиз овоз тўплаган ХДИдан бор-йўғи бир фоиз ортда қолган. Бундай натижалар фонида ГуМ аввал ҳисоблаб келинганидек, шунчаки протест партияси кўринмаяпти. Сўровлар кўпчилик бу партияга минг мушоҳада қилиб овоз берганини айтган.
Социологларнинг қайд этишича, ёшлар орасида ГуМ янада катта машҳурликка эга. Тюрингияда 18-24 ёшли сайловчиларнинг 38 фоизи ултраўнгларга овоз берган.
Ғарб ОАВларининг қайд этишича, Иккинчи жаҳон урушидан буён илк марта ўнг экстремистик партия Германиядаги маҳаллий ер сайловларида энг кучли натижаларга эришган. Ҳар икки ерда конституцияни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ГуМни ўнг экстремистик деб тан олгани, уни махсус хизматлар муттасил кузатиши ҳам сайловчиларни чўчита олмаган кўринади. ГуМнинг Тюрингиядаги раҳбари 52 ёшли Бёрн Ҳёкке партиянинг ўнг экстремистик қаноти раҳбарларидан бири саналади. Сайловдан бироз аввал у нацистларга хос ибора ишлатгани учун жаримага тортилган эди. Бир неча йил аввал эса суд Ҳёккени “фашист” деб аташ мумкинлиги тўғрисида қарор чиқарган. Энди у Тюрингия бош вазири лавозимига номзод.
Украинага қурол-яроғ бермаслик тўғрисидаги чақириқлар
Янги, 2024 йилнинг бошида тузилган сўл популистик “Сара Вагенкнехт Иттифоқи” (СВИ) партияси ҳам муваффақиятга эришган. Йил бошида нолдан тузилган партия кўплаб партиялардан ўзиб кетган ва Тюрингияда 15 фоиз, Саксонияда эса 11 фоиз овоз тўплаган. Партия Сўл партиянинг парчаланишидан сўнг пайдо бўлган. Ўшанда сўлчиларнинг бундестагдаги фракцияси раҳбари Сара Вагенкнехт уларни тарк этган эди. Сўл партиянинг ўзи ҳар икки парламентга ўта олган бўлса-да, кўплаб овозларни бой берган ва уларнинг катта қисмини СВИ ўзига оғдириб олган.
Етакчилар учлигидан ҳар икки партия ГуМ ва СВИ Украинага қурол-яроғ етказилишига қарши ва Россияга қарши Европа Иттифоқи томонидан жорий этилган санкцияларнинг олиб ташланишини ёқлайди. Уларнинг фикрича, Киевга қурол-яроғ етказилиши Россия билан уруш хавфини оширади, санкциялар эса аввало Германия иқтисодиётига зарар бўлмоқда. Гарчи федерал ерлар ГФРнинг ташқи сиёсатига тўғридан тўғри таъсир ўтказа олмаса-да, СВИ Россиянинг Украинага очган урушини дипломатик йўл билан тугатишни бош мавзу қилиб олиб, Германияда кўпчиликни таажжублантирди. У ўзини “тинчлик партияси” сифатида тақдим этиб, сайлов кампаниясини ўтказди. Боз устига, номи партияга берилган етакчиси, 55 ёшли Сара Вагенкнехт Украина бўйича “дипломатия”га урғу бериш, шунингдек, Германияда АҚШнинг узоқ масофага учувчи ракеталарини жойлаштириш бўйича режаларини бекор қилиш — унинг партиясининг маҳаллий ер ҳукуматларида иштирок этишнинг бош шарти эканини айтган. Сайловлар чоғида Вагенкнехт хонимнинг қатъий оҳанги бироз сусайди, лекин бу мавзу музокараларда, албатта, кўтарилишини таъкидлаган.

















