Бир неча кун аввал Криштиану Роналду ўз «YouTube» саҳифасида собиқ жамоадоши Рио Фердинанд билан суҳбатлашди. Унда португалиялик юлдуз фаолияти аввалидаги қийинчиликлар, Саудия Арабистонига кўчиб ўтиш қарори ва Евро атрофидаги воқеалар ҳақида гапириб берди.

Рио Фердинанд: Хўш, Криштиану, менга студиянг ёқди. Кел, Саудияга кетишинг ҳақида гаплашамиз. Сенинг бу давлатга кўчиб ўтишинг футболда катта ўзгаришларга сабаб бўлди. Бу қарорнинг энг қийин жиҳати нимада эди?

Роналду: Рио, сен мени биласан, ҳаётим саргузаштлардан иборат. Мен 11 ёшимдаёқ катта шаҳарга кўчиб ўтиш учун ўз уйимни ташлаб чиққанман. Шунинг учун бу менга осонроқ туюлади. Давлатма-давлат яшаб юриш ҳаётимнинг бир қисми ва бу менга қийинчилик туғдирмайди. Очиғини айтаман, бу мен учун осон кечган. Сен дин борасида, об-ҳаво масаласида сўрашинг мумкин, аммо ҳеч бир мамлакат мукаммал эмас. Шундай экан, менда мослашиш бўйича ҳеч қандай муаммо бўлмади, деб бемалол айта оламан.

Рио: Ҳеч бир мамлакат мукаммал эмас, деган гапингга қўшиламан. Сен кетаётганингни биринчи бор эшитганимда ҳам шундай ўйлагандим. Сенинг Саудияга кетишингни айримлар негатив қабул қилган ва бу ердаги ҳаёт ҳақида салбий фикрлар билдирганди. Ўшанда ўзимга, хўш, биз қандаймиз, бизда ҳаммаси зўрми, муаммоларимиз йўқми, деб савол бергандим. Ҳаммада муаммо бор, оғайни, гап унга қандай қарашинг ва ёндашишингда. Шундай эмасми?

Роналду: Менинг фикримча, ҳар бир давлатнинг ўзига яраша муаммолари бор. Саудияда ҳам ажойиб жойлар бор, оилам билан зўр яшаяпмиз, дея оламан. Қизил денгиз бўйидаги яшаш жойимиз менга ўз уйимдек бўлиб қолган. Денгизнинг олмос каби мавжланиши ақлбовар қилмас даражада чиройли. Албатта, сени ва оилангни у ерга таклиф қиламан. Ишончим комил, сизларга жуда ёқади. Сенга шуни иккиланмай айта оламанки, бу — мен бўлган энг гўзал жойлардан бири. Саудиянинг бошқа бир қисмида Алула номли жой бор, у ерни таърифлашга тил ожиз.

Рио: Ҳа, мен у ерда бўлганман. Таърифлашга тил ожиз қоладиган даражадаги чиройли жойлар. Бир дўстим билан боргандик ва у гўзалликни кўриб йиғлаб юборганди.

Роналду: Ҳа, чунки бу — муқаддас жой. У ерда бўлганингда самовий қувватни ҳис қиласан. Ўзим ҳам буни ҳис қилганман. Саудия тоғларида қор ҳам топа оласан. Одамлар ишонмаслиги мумкин, лекин бу — ҳақиқат. Хуллас, Саудия — ажойиб мамлакат ва мен у ерда оилам билан бахтлиман. Айтиб ўтганимдек, мослашиш ҳам у қадар қийинчилик туғдирмаган.