Атом электр станциялари (АЭС) ҳеч қачон ҳарбий нишонга айланмаслиги керак. Бу ҳақда 3 сентябр, сешанба куни Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) бош директори Рафаэл Гросси Киевда Украина президенти Володимир Зеленский билан музокаралар якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида DW саволига жавоб берар экан айтиб ўтди.
«Атом электр станцияларига ҳеч қачон, ҳеч қандай шароитда ва улар жойлашган давлат ёки жойдан қатъи назар, ҳужум қилинмаслиги ёки улар ҳарбий нишонга айланмаслиги керак. Бу ҳамма учун амал қиладиган умумий тамойил», - дейди Гросси.
Шу билан бирга, АЭХА раҳбари Курск ва Запорижжя атом электр станцияларида (ЗАЭС) содир бўлаётган воқеаларни солиштирмаслигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Запорижжя АЭСдаги вазиятни «жуда мўрт» деб таърифлаш мумкин, чунки у ҳар қандай вақтда, жумладан, дрон зарбалари туфайли ҳам бузилиши мумкин. Гроссининг Запорижжя вилоятига ташрифи чоғида станциянинг совитиш тизимларини энергия билан таъминлашга эътибор қаратилиши керак.
«Энергоатом»: Россия қўшинлари Запорижжя АЭС электр таъминоти линиясига зарар етказди
2 сентябр куни Россиянинг Украинани навбатдаги оммавий ўққа тутиши натижасида эгаллаб олинган Запорижжя атом электр станциясида (ЗАЭС) Украина энергетика тизимидан келувчи электр узатиш линияларидан бири шикастланган. Бу ҳақда 3 сентябр куни «Энергоатом» Украина компанияси матбуот хизмати маълум қилди. «Иккинчи линия шикастланган тақдирда, Запорижжя АЭСининг реактор ядролари ва ёнилғи сақлаш ҳавзаларини совитадиган насосларга ташқи қувват йўқолиши сабабли фавқулодда вазият юзага келади», дейилади хабарда.
Компания матбуот хизматининг аниқлик киритишича, Россия қўшинлари томонидан объектни қайта-қайта ўққа тутиши таҳдиди туфайли украиналик мутахассислар ҳозирча шикастланган жойни кўздан кечириб, электр тармоғини таъмирлаш ишларини бошлай олмаяпти. «Мутахассисларга хавфсизлик кафолатлангандан сўнг, линия таъмирланади», - дея аниқлик киритди «Энергоатом» ва айни пайтда Запорижжяя АЭС Украина энергетика тизимига фақат битта электр линияси орқали уланганлигини таъкидлади, бу эса атом станцияси юқори хавф зонасида эканлигини билдиради.
Запорижжя АЭС 2022 йилдан бери совуқ ўчириш режимида
Запорожжя АЭС Европадаги энг йирик атом электр станциясидир. Россиянинг Украинага ҳарбий ҳужуми бошланганидан сўнг у рус қўшинлари томонидан эгаллаб олинди ва у бир неча марта учувчисиз учоқлардан ҳужумга дучор бўлди ҳамда ўққа тутилди. Москва ва Киев бунда бир-бирини айбламоқда. АЭХА Запорижжя АЭСда «ядро хавфсизлигининг барча устунлари» йўқ қилинаётганини бир неча бор таъкидлаган.
















