Жамият | 17:47 / 04.09.2024
7095
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда фуқаро «дом»нинг тепасида бассейн қуриб олгани аниқланди

Кўп қаватли уйнинг пентхаус қисмида ўзбошимчалик билан қурилган бассейнни бузиб ташлаш бўйича унинг эгасига мажбурий кўрсатма берилган ҳамда маъмурий жарима қўлланган. Қурилиш вазирлигига кўра, ушбу қурилма кўп қаватли уйнинг лойиҳасида назарда тутилмаган.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги

Самарқандда фуқаро кўп қаватли уйнинг пентхаус қисмида бассейн қуриб олгани маълум бўлди. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, аҳоли мурожаатига асосан Самарқанд вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан рейд тадбирлари ўтказилган. Жараёнда Самарқанд шаҳри Сўғдиёна маҳалласидаги 67-А сонли кўп қаватли уйнинг 10-қават пентхаус қисмида ўзбошимчалик билан бассейн қурилгани аниқланган.

«Ушбу қурилма кўп қаватли уйнинг лойиҳасида назарда тутилмаган бўлиб, сейсмик ҳодиса вақтида бинонинг тебранишини кучайтириб, уйнинг мустаҳкамлигига зарар етказиши мумкин. 

Инспекция ходимлари томонидан мулкдорга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 159-моддасига (турар жойларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини, уй-жой фондидан техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларини, кўп квартирали уйларни бошқариш қоидаларини бузиш) асосан маъмурий жарималар қўлланди ва ноқонуний қурилмани бартараф этиш юзасидан мажбурий кўрсатмалар берилди», дейилади вазирлик хабарида.

Қўшимча қилинишича, берилган вақт ичида мулкдор ҳолатни ўз ихтиёри билан бартараф қилиб, олдинги ҳолатига қайтармаса, унга нисбатан тегишли тартибда бартараф этиш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга даво аризаси киритилади.

Аввалроқ Навоий шаҳрида фуқаро «дом»га ўзи учун алоҳида лифт ўрнатмоқчи бўлгани хабар қилинганди

Мавзуга оид