BBC шарҳловчиси кадрлар бўйича бу ротация нима учун мамлакат ҳаётида туб ўзгаришларга олиб келиши даргумонлиги ва унинг аҳолисининг катта қисми бу мавзуга эътибор қаратмаётгани ҳақида ёзди.

Душанба ва сешанба кунлари Олий радага бош вазир ўринбосари, вақтинча оккупация қилинган ҳудудлар реинтеграцияси масалалари бўйича вазир Ирина Верешчук, Украинанинг Европа ва Евроатлантикага интеграцияси бўйича бош вазир ўринбосари Олга Стефанишина, стратегик саноат вазири Олександр Камишин, адлия вазири Денис Малюска, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслар вазири Руслан Стрелец ҳамда Украина Давлат мулк жамғармаси раиси Виталий Ковалдан истеъфога чиқиш тўғрисида аризалар келиб тушган.

Бундан ташқари, сешанба куни Олий рада раиси Руслан Стефанчук ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба ёзган ариза суратини эълон қилди. Стефанчук ариза кейинги ялпи мажлислардан бирида кўриб чиқилишини қўшимча қилди.

Чоршанба кунги ялпи мажлисда депутатлар Олга Стефанишина, Олександр Камишин, Руслан Стрелец ва Денис Малюска истеъфоси учун овоз беришди. Шу билан бирга, Рада Ирина Верешчук ва Виталий Ковалнинг истеъфосини қабул қилмади — уларнинг аризаси қаноатлантирилиши учун бир неач овоз етмади.

Украина ТИВга 2020 йил мартидан буён раҳбарлик қилиб келаётган Дмитро Кулебанинг аризаси эса мажлисда кўриб чиқиш учун қўйилмаган. Парламент мажлиси унинг аризасини кўриб чиқмасдан ёпилди.

Украина президенти Володимир Зеленский Дмитро Кулебанинг истеъфоси эҳтимоли ва ТИВнинг кейинги раҳбари ким бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги саволга тўғридан тўғри жавоб қайтармади. «Бугун бизга янги энергия керак ва бу қадамлар мамлакатимизни турли йўналишларда кучайтириш билан боғлиқ», — дея изоҳлаган Зеленский ҳукуматдаги ўзгаришларни.

«Халқаро сиёсат ва дипломатия бундан мустасно эмас. Мен бугун у ёки бу вазир айнан нима билан машғул бўлишини прогноз қила олмайман ва уларга қайсидир лавозимлар таклиф этилиши бўйича жавоб бера олмайман. Бугунги кунда бу ҳақда гапиришга ҳали эрта», — дея қўшимча қилган президент.

«РБК-Украина» нашри манбаси хабар беришича, Кулебага Брюсселда, ЕИ ёки НАТОдаги ваколатхоналарда ишлашда давом этиш таклифи берилиши — ёки Белгия ва Люксембургга элчи қилиб юборилиши мумкин.

Украина медиаси «президент жамоасидаги суҳбатдошлар»га таяниб хабар беришича, Кулебанинг ўрнини ким эгаллаши ҳали аниқлаб олинмаган, аммо ТИВ раҳбарлиги учун энг эҳтимолий номзод — ҳозирги вазирнинг биринчи ўринбосари Ондрий Сибига.