Жаҳон | 14:11 / 06.09.2024
5459
3 дақиқада ўқилади

Сирский: Украина Россия қўшинларининг Покровск томон юришини тўхтатди

Украина қуролли кучларининг стратегияси «ишламоқда», чунки сўнгги олти кун ичида Россия Федерацияси Покровск йўналиши бўйича «бир метр ҳам» олдинга силжимади, деди CNN телеканалига бош қўмондон Александр Сирский.

Фото: Valentyn Ogirenko/REUTERS

Украина қуролли кучлари Россия армиясининг Донецк вилоятидаги Покровск йўналишида юришини тўхтатди, деди Украина қуролли кучлари бош қўмондони, генерал-полковник Александр Сирский 5 сентябр, пайшанба куни CNN телеканалига берган интервюсида. «Сўнгги олти кун ичида душман Покровск йўналиши бўйича бир метр ҳам илгариламади, бошқача айтганда, бизнинг стратегиямиз ишламоқда», деди Сирский Украинанинг Россия Федерацияси Курск вилоятидаги ҳарбий амалиётига ишора қилиб. Ҳарбий раҳбар уни «муваффақиятли» деб атади. Сирскийнинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучларининг Курск вилоятига бостириб кириши Россия Федерацияси томонидан «ҳужум қилиш хавфини камайтирди» ва уни бошқа йўналишлардан кучларни ўтказиш имкониятидан маҳрум қилди. «Биз артиллерия ҳужумлари сони ва ҳужумнинг шиддати камайганини кўрмоқдамиз», деди бош қўмондон.

Сирский Курск яқинидаги операциянинг бешта мақсадини айтди

Генерал Сирский CNN телеканали билан суҳбатда Украина қуролли кучлари Россия ҳудудига бостириб кириши чоғида амалга оширган бешта мақсадни айтиб ўтди: Россиянинг Курск вилоятидан янги ҳужум учун трамплин сифатида фойдаланишига йўл қўймаслик; рус қўшинларини бошқа йўналишлардан олиб чиқиш; хавфсиз ҳудудни яратиш, шу билан Украинадаги тинч аҳоли нишонларини ўққа тутишнинг олдини олиш; россиялик ҳарбий хизматчиларни қўлга олиш ва ниҳоят, «Украина армияси ва бутун халқнинг жанговар кайфиятини» кўтариш.

ISW: Россия қўшинлари Покровск яқинида муваффақиятга эришди

Август ойининг охирида Александр Сирский Покровск яқинидаги «қаттиқ жанглар» ҳақида хабар берди. Шу билан бирга, Америка урушни ўрганиш институти (ISW) Россия қўшинлари Донецк вилоятида бу йўналишда «катта тактик муваффақиятларга эришганини» таъкидлади. 1 сентябр куни Британия Мудофаа вазирлиги Россия қуруқликдаги кучлари «Покровскдан 10 км узоқликда жойлашганлиги эҳтимоли юқори», деб хабар берди.

Украинанинг Курск вилоятидаги ҳужуми

Украина ҳарбийлари 6 август куни Курск вилоятига бостириб кирди. Бу Россиянинг 2022 йил февралида Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан бери бундай турдаги биринчи ҳужумдир. 27 август куни Украина қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский Россиядаги 1294 квадрат метр ҳудуд ва 100 та аҳоли пункти Украина назоратида эканлигини маълум қилди.

Украина президенти Володимир Зеленский Украина қуролли кучлари асосий мақсадини Россия Федерациясининг чегарадош ҳудудида «буфер зонасини яратиш» деб атади. Унинг сўзларига кўра, ушбу операция Суми вилояти бир қисми босиб олиниши олдини олишга ёрдам берган. Шу билан бирга, Зеленский сўзларига кўра, Киевнинг режаларида Курск вилояти бир қисмини қўшиб олиш эмас, балки ушлаб қолиш ҳам бор.

Мавзуга оид