Октябр ойи охиридаёқ РФ қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов Россия президенти Владимир Путинга Донецк областида Покровск ва Мирноград шаҳарлари (Россия расмийлари ушбу шаҳарларнинг советча номларини ишлатади – Красноармейск ва Димитров) агломерацияси қуршаб олингани ҳақида ҳисобот берганди. 1 декабр куни кечқурун Кремл Покровск «эгаллангани» ҳақида баёнот берди.

Киевда эса бу баёнот рад этилди ва Украина қуролли кучлари ушбу аҳоли яшаш манзиллари ўз назоратида қолиши учун қарши чоралар кўраётганини маълум қилди.

Герасимовнинг ҳисоботида Россия қўшинлари 26 октябр куниёқ Покровск ва Мирноград ҳудудларида «душманни қуршовга олишни якунлагани» ва «Украина қуролли кучларининг йирик гуруҳи йўлини блоклаб қўйгани», Украинанинг 5,5 мингга яқин ҳарбийси «қуршовда қолгани» иддао қилинганди. 1 декабр куни кечқурун эса РФ мудофаа вазирлиги Покровск шаҳри тўлиқ ҳамда Мирнограднинг жанубий қисми эгаллагани ҳақида баёнот берди.

Украина қуролли кучлари Россия мазкур агломерация устидан назоратни қўлга киритиш учун фронтнинг кичик участкасида (фронт чизиғи 40-50 километрга чўзилган) 150 минг нафар атрофида ҳарбий тўплаганини маълум қилган. Бу Москва 2022 йил февралида Украинага кенг кўламли босқин учун ҳаракатга келтирган йирик қўшин билан деярли тенгдир.

Украинанинг ҳарбий ва сиёсий раҳбарияти Покровск ва Мирноград қуршовда қолгани фактини рад этган. Бундан ташқари, октябр ойидаёқ украин армияси агломерацияни ўз назоратида ушлаб қолиш учун фаол ҳаракатлар қўллашни бошлаганди. Биринчи навбатда, гап ушбу йўналишга қўшимча кучларни олиб келиш ҳақида кетади.

Украина армияси қўллаган чоралар чиндан ҳам россиялик ҳарбийларнинг олдинга юришини тўхтатди ва декабр ойи бошидаги ҳолатга кўра, Россия кучлари барибир олдинга қўйилган мақсадга эриша олмаган – ушбу шаҳарлар тўлиқ эгалланмаган.

Буёғига нима бўлади?

Покровскнинг қайси қисми россиялик ҳарбийлар қўлига ўтган?

Москванинг Украина қуролли кучлари Покровск-Мирноградда қуршаб олингани ҳақидаги баёнотлари ортидан деярли дарҳол Украина расмийлари, жумладан, армия вакиллари бу шаҳарлардаги гарнизонни имкон қадар олиб чиқиб кетишни талаб қила бошлади.

Аммо Украина Бош штаби бошқа қарорни қабул қилди.

Мудофаа кучлари гуруҳи шаҳар агломерацияси атрофига жойлаштирилган штурмчи ва десантчилардан иборат «ўт ўчириш гуруҳи» билан кучайтирилди. Бу эса Покровск учун жангдаги қарама-қаршилик узоқ чўзилувчи ва ҳолдан тойдирувчи кўча жанглари шаклига ўтишига олиб келди.