Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский Militarnyi нашри учун ёзган «Менинг ишим — уруш» номли мақоласида собиқ мудофаа вазири Михаил Федоров билан муносабатлари ҳақида фикр билдирди.

Унинг айтишича, ОАВда икки раҳбар ўртасида жиддий зиддият мавжудлиги ҳақида тарқалган хабарлар у учун кутилмаган ҳол бўлган. Сирскийнинг таъкидлашича, улар ўртасидаги муносабатлар ҳар доим иш характерида кечган, мураккаб масалалар ва турлича ёндашувлар бўлган бўлса-да, бу шахсий қарама-қаршиликка айланмаган.

Шу билан бирга, Сирский омма олдида Федоровдан узр ҳам сўради. У ўзининг баъзан қаттиққўл раҳбар сифатида иш тутишини тан олиб, агар бирор ҳаракати билан собиқ вазирни ранжитган бўлса, узр сўрашини билдирди. Шунингдек, у жамоатчиликни шахсий муносабатлар эмас, балки мамлакат мудофааси ва ғалаба масаласига эътибор қаратишга чақирди.

Бош қўмондон шунингдек, ўз мансабидан фойдаланиб раҳбариятга ултиматум қўймаганини ва армияни мессенжерлар орқали бошқармаслигини таъкидлади. Дронлардан фойдаланишга қарши экани ҳақидаги танқидларни ҳам рад этиб, айнан унинг раҳбарлиги даврида Украина Қуролли кучларида Учувчисиз тизимлар кучлари ташкил этилганини эслатди.

Сирскийнинг сўзларига кўра, Михаил Федоров мудофаа бюджетида ҳарбийларнинг маошлари учун ажратилган маблағларнинг бир қисмини дронлар харидига йўналтирган. Унинг фикрича, айнан шу қарор ҳарбий хизматчиларнинг пул таъминоти билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқарган. Айни пайтда ҳукумат барча ҳарбийларга маошларни ўз вақтида ва тўлиқ тўлаш имкониятларини изламоқда.

Бош қўмондон июн ойида Федоров жамоаси таклиф қилган янги ҳарбий контрактлар шартларини ҳам танқид қилди. Унинг маълум қилишича, тахминан бир миллионлик армиядан атиги икки минг нафар ҳарбий ушбу шартномаларни имзолаган. Сирский бу ҳолат ҳарбийлар бошқача шартларни кутгани ва эксперимент ҳуқуқий жиҳатдан ҳам баҳсли экани билан изоҳланишини билдирди.

Шу билан бир вақтда Украина Қуролли кучлари Бош штаби Александр Сирскийнинг эҳтимолий истеъфоси ҳақидаги хабарларни ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди. Расмий баёнотда Сирский ҳам, Бош штаб бошлиғи Андрей Гнатов ҳам ўз лавозимларида фаолиятини давом эттираётгани, уларни лавозимидан озод қилиш фақат президент фармони билан амалга оширилиши қайд этилди.

Аввалроқ Financial Times нашри Украина президенти Володимир Зеленский Сирскийни лавозимидан озод қилиш эҳтимолини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берган эди. Нашр манбаларига кўра, Зеленский юқори лавозимли бир нечта ҳарбий қўмондонлар билан учрашув ўтказган ва бу эҳтимолий кадрлар алмашинуви билан боғлиқ бўлиши мумкин.