Фойдаланувчилар ҳар қандай электрон хизмат осон, тез ва хавфсиз бўлишини истайди.

Рақамли ҳукумат аҳолига давлат хизматларини рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда қулайроқ, шаффоф, самарали ва ишончли етказиб беришни таъминлайди.

Авваллари давлат хизматлари “сизга керак бўлса, бизни келиб топинг” ёки “аризаларни тўлдиришингиз керак, маълумотномалар олиб келишингиз керак” қабилида ишларди. Рақамли ҳукумат ривожлангани сари бундай сансалорликларга ҳожат қолмаяпти.

“Электрон ҳукумат”дан “Рақамли ҳукумат”га...

Ўзбекистонда 2020 йилдан “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилиб, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланган эди. Бу давлат бошқарувини рақамли трансформация қилиш йўлидаги улкан қадам бўлди. Ушбу ташаббус давлат органларининг очиқлиги, самарадорлиги ва идоралараро ҳамкорлигини оширишга хизмат қилди. 2023 йилдаги “Ўзбекистон-2030” стратегияси эса электрон ҳукуматни ривожлантиришнинг янги босқичи – “Рақамли ҳукумат” тизимига ўтишни белгилаб берди.

Ушбу стратегия қуйидаги мақсадларни ўз ичига олади:

·        Электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари улушини 100 фоизга етказиш;

·        Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) хизматлари улушини 50 фоизга кўтариш;

·        Композит ва проактив тарзда кўрсатиладиган давлат хизматлари улушини камида 40 тага етказиш;

·        Камида 300 та давлат хизматини хусусий секторга ўтказиш;

·        Лицензиялаш ва рухсат бериш ҳужжатларини камида 20 фоизга қисқартириш;

·        Давлат хизматларини кўрсатишнинг 300 та тартибини соддалаштириш.