Тошкент вақти билан 11 сентябр куни соат олтида ABC телеканалида Камала Ҳаррис ва Доналд Трамп ўртасида илк, катта эҳтимол билан бу сайловдаги ягона дебат бошланади. Айнан шу тўқнашув пойга тақдирини ҳал этиши мумкин: ҳозирда, агар ижтимоий сўровларга қаралса, номзодлардан ҳеч бири яққол фаворит ҳисобланмаяпти. «Медуза» дебатлар қандай ташкиллаштирилгани — ва Трамп ва Ҳаррисдан нималар кутиш мумкинлиги ҳақида ёзди.

Ҳаррис кампаниянинг илк ойини идеал ўтказди. Ва дарҳол деярли пойга фаворитига айланиб олди

Июн ойида Жо Байден ва Доналд Трамп ўртасида ўтказилган дебатлар рекорд даражада эрта ўтказилган дебат бўлганди — сўнгги ўн йиллар мобайнида номзодларнинг юзма-юз баҳси фақат сентябр ойи ўрталарига келиб ўтказилган — ва мисли кўрилмаган даражада муҳим бўлган. Бир ярим соат давомида амалда бирор фикрини тўлиқ баён эта олмаган Байденнинг муваффақиятсизлигидан кейин унинг рейтинги кескин тушиб кетди. Партиядошлари амалдаги президентни номзодини қайтариб олишга кўндириш билан бандлигида, Трамп пойганинг яққол фаворити бўлиб кўрина бошлади — айниқса, суиқасдни бошдан кечирганидан кейин.

Аммо июл ойи охирига келиб демократлар барибир Байденни пойгадан чиқишга кўндира олишди — у эса номзодини қайтариб олишини эълон қиларкан, вице-президент Камала Ҳаррис номзодини қўллашини айтди. Ҳаррис 2019 йилги праймериз вақтида Байденга рақиблик қилган, аммо президентлик кампаниясини яхши олиб бора олмаганди — аммо бу сафар бутунлай бошқача ҳаракатланди. Илк ҳафталар унинг учун деярли идеал кечди.

Демократларнинг тарафдорлари дастлабки кунда унинг штаби учун 81 миллион доллар хайрия қилди — бу тарихда икки асосий партиядан исталган бирининг номзоди учун 24 соат ичида йиғилган энг кўп маблағ бўлди. Ўн кун ичида сумма 310 миллион долларга етди, август ойи охирига келиб Ҳарриснинг штаби йиққан маблағ миқдори 615 миллион долларни ташкил этаётганди. Янада муҳимроғи, бу донорларнинг аксари умрида илк бор бирор сиёсатчига хайрия қилиши эди.

Демократларнинг тарафдорларидаги иштиёқ ижтимоий сўровларда ҳам акс этди: агар июл ойи бошида демократларнинг фақат 37 фоизи ўз номзодига «иштиёқманд» эканини билдирган бўлса, ой охирига келиб  бундайлар — 81 фоизга етди. Бундан ташқари, ҳал қилувчи штатларнинг барчасида рўйхатга олинган сайловчилар орасидаги демократлар улуши кескин кўтарилди.

Ҳарриснинг ўзи митингларига жуда кўп одам йиға олди — масалан, унинг Аризонадаги чиқишини кузатиш учун 15 минг киши келди. Демократлар бу штатда 2008 йил Барак Обаманинг кампаниясидан буён бу қадар кўп одам йиға олмаганди.