Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов “Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари, кўп квартирали уй-жой фондини 2024-2025 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш тўғрисида”ги фармойишини қабул қилди.
Ҳужжатда газ, сув, электр, иссиқлик тармоқлари, қозонхоналари, қолаверса, ичимлик сув таъминоти объектлари, ускуналарини куз-қиш мавсумига тайёрлаш кўзда тутилган.
Бунинг учун Тошкент шаҳри ҳокимининг қурилиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва ободонлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов бошчилигида ишчи гуруҳ ҳам ташкил қилинган.
Нималар қилинади?
Ҳоким фармойишига асосан 2024-2025 йилларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича пойтахтнинг барча туманларида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиши керак. Режага кўра, ишлар 6 та йўналишга бўлиб олинган.
Амалга ошириладиган чора-тадбирлардан асосийларини санаб ўтамиз. Қайд этилишича, шу йил октябргача асосий ва йирик муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда технологик ускуналар мукаммал ва жорий таъмирланади. Жумладан, 2 297 км электр узатиш тармоқлари (901,5 км мукаммал, 1 395,5 км жорий) ва 2 413 та трансформатор пунктида (690 дона мукаммал, 1 723 дона жорий) тузатилади.
“Ҳудудгаз Пойтахт” ГТФ томонидан 6,8 км газ қувурлар мукаммал таъмирланади ва 10,1 км газ қувурлари реконструкция қилинади. Шунингдек, 41 та газ тақсимлаш пунктини мукаммал таъмирлаш, 3 545 тасини тафтиш қилиш, 215 км газ қувурларини босим остида синаш ва тозалаш, 1 014 км ерости газ қувурларини махсус приборлар ёрдамида текшириш ҳамда 108,6 км қувурларни бўяш ишларини бажариш ҳам режа қилинган.
Кўп квартирали уйларни бошқариш органлари ҳисоб рақамида йиғилган мажбурий бадаллар ҳисобидан 2 888 та кўп квартирали уйда сифатли таъмирлаш ишлари олиб борилади.
Хусусан, 212,73 минг метр квадрат том қисмини ва 2 063 та кириш йўлагини реконструкция қилиш, подъездларга 201 та темир ва 333 та кодли қулфли эшиклар ўрнатиш, 3 581 м2 фрамугаларга ойна-ромлар ўрнатиш, 1 604 та электр тақсимловчи шитни таъмирлаш, 541 та кўп квартирали уйнинг ертўла қисмидаги муҳандислик коммуникациялар ва 577 тасида уй ичидаги муҳандислик тармоқларни, қолаверса, 30 та кўп квартирали уйнинг фасад қисмини ўз вақтида таъмирлаш, кириш йўлакларига 47 354 та энергия тежамкор сенсор лампалар ўрнатиш белгиланган.
Бундан ташқари, “Veolia Energy Ташкент” МЧЖ ХК томонидан иссиқлик таъминоти йўналишида 634 та қозонлар ва 490,5 км иссиқлик тармоқлари мавсумга тайёрланади. Жумладан: 29 та қозон ва 59,7 км иссиқлик тармоқлари мукаммал, 605 та қозон ва 430,8 км иссиқлик тармоқлари жорий таъмирланади”.

















