Молия бозорлари навбатдаги қайноқ ҳафтани муваффақиятли якунлади. Сентябр ойининг навбатдаги ҳафтасида АҚШ иқтисодиёти учун муҳим бўлган инфляция маълумотлари тақдим этилди.

Чоршанба куни эълон қилинган маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, базавий истеъмол нархлари индекси (озиқ-овқат ва энергия нархларини инобатга олувчи) аввалги ойга нисбатан ўзгаришсиз қолган ва 3,2 фоизни ташкил этган. Умумий истеъмол нархлари индекси эса (озиқ-овқат ва энергия нархларини истисно қилувчи) август ойида 0,4 фоизга пасайиб, 2,5 фоизни ташкил этган. Пайшанба куни эълон қилинган АҚШ ишлаб чиқарувчиси нархлари индекси (PPI) ҳам бироз салбий динамикани акс эттирди, сабаби август ойида PPI кўрсаткичи прогнозга нисбатан 0,2 фоиз кўтарилган. Ушбу маълумотлардан хулоса қилса бўладики, инфляция кескин пасайиб келишига қарамай, нарх босими ҳали ҳам мавжуд.

Jahon Insights канали экспертлари 9 сентябрдан 13 сентябргача бўлган даврда халқаро молия бозорида содир бўлган энг муҳим воқеаларни таҳлил қилиб чиқди.

АҚШнинг асосий фонд бозорлари индекси:

  •  S&P500 – 5626,02 (ҳафта бошидан +4,02 фоиз; йил бошидан +17,95 фоиз)
  • Nasdaq Composite – 17683,98 (ҳафта бошидан +5,95 фоиз; йил бошидан +17,80 фоиз)
  • Dow Jones – 41393.79 (ҳафта бошидан +2.60 фоиз; йил бошидан +9.83 фоиз)

АҚШ фонд индекслари, куз мавсумининг дастлабки ҳафтасида коррекция амалга оширганидан сўнг жорий ҳафта деярли барча йўқотишларни тиклади. Dow Jones, Nasdaq Composite ва S&P 500 индекслари кучли ўсиш суръатини тақдим этган ҳолда мос равишда 1048 пункт, 993 пункт ва 218 пунктларга кўтарилди.

Асосий қимматбаҳо металлар:

  • Олтин – бир унцияси 2577,57 доллар (ҳафта бошидан +3,22 фоиз; йил бошидан +24,96 фоиз);
  •  Кумуш – унцияси 30,71 доллар (ҳафта бошидан +9,95 фоиз/йил бошидан +29,13 фоиз);
  • Алюминий – тоннаси 2473,75 доллар (ҳафта бошидан +5,79 фоиз; йил бошидан +3,56 фоиз);
  • Мис – 4,18 доллар (ҳафта бошидан +3,92 фоиз; йил бошидан +8,53 фоиз)

Қимматбаҳо металлар коррекциялар сериясидан сўнг, ўсувчан трендга қайтди. Олтин, кумуш, алюминий, мис ҳафта давомида мос равишда 80,48, 2,78, 135,45 ва 0,16 долларга қимматлашди.