Telegram асосчиси Павел Дуров 2018 йилдан бери мессенжер кўпчилик мамлакатлардаги махфийлик сиёсатига кўра, жиноятчиларнинг IP манзиллари/телефон рақамларини расмийларга ошкор қила олишини маълум қилди.
“Бизга тегишли алоқа линиялари орқали тўғри шаклланган юридик сўров келиб тушганда, биз уни текшириб, хавфли жиноятчиларнинг IP манзилларини/телефон рақамларини ошкор қиламиз. Бу жараён ўтган ҳафтадан анча олдин амалга оширилган эди”, — деб ёзган Дуров ўзининг каналида.
Маълум қилинишича, мессенжердаги https://t.me/transparency боти айнан ушбу фойдаланувчининг маълумотлари учун қайта ишланган (ҳукумат) сўровлар сонини кўрсатади.
“Масалан, Бразилияда биз 2024 йилнинг 1-чорагида (январ-март) 75 та, 2-чоракда 63 та ва 3-чоракда 65 та юридик сўровлар бўйича маълумотларни ошкор қилдик. Энг йирик бозоримиз бўлган Ҳиндистонда биз 1-чоракда 2461 та, 2-чоракда 2151 та ва 3-чоракда 2380 та юридик сўровни қондирдик”, — деган Павел.
Шунингдек, Европада ҳам 3-чоракда қабул қилинган қонуний сўровлар сони кўпайиши кузатилган.
“Бу ўсишга кўпроқ Евроиттифоқ маъмурлари ўз сўровлари учун EI DCA қонунида белгиланган тўғри алоқа линиясидан фойдалана бошлагани сабаб бўлди. 2024 йил бошидан буён Telegram веб-сайтини кўрган ёки Googleʼда “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун Telegram Европа Иттифоқи манзили”ни қидирган ҳар бир киши ушбу алоқа нуқтаси ҳақидаги маълумотларга очиқ бўлади”, — дейилади баёнотда.
Шунингдек, Дуров чалкашликни камайтириш учун мессенжер ўтган ҳафтада турли мамлакатларда махфийлик сиёсатини соддалаштиргани ва бирлаштирганини маълум қилди.
“Аммо бизнинг асосий тамойилларимиз ўзгармади. Биз ҳар доим улар эркинлик ва шахсий ҳаёт қадриятларимизга зид бўлмаса, тегишли маҳаллий қонунларга риоя қилишга интиламиз. Telegram фаоллар ва оддий одамларни коррупциялашган ҳукуматлар ва корпорациялардан ҳимоя қилиш учун яратилган. Биз жиноятчилар платформамизни суиистеъмол қилишларига ёки адолатли судловдан қочишларига йўл қўймаймиз”








