Чемпионлар Лигасининг амалдаги ғолиби дастлабки турда тажриба эвазига сўнгги ўн дақиқаликда «Штутгарт»дан ғалабани тортиб олишга эришганди. Учрашувдан кейин немис клуби бош мураббийи Себастиан Ҳёнесс ўз жамоаси ўйини билан фахрланиши ва мадридликлар билан тенгма-тенг курашганини иддао қилиши бежиз эмасди. Дарҳақиқат, Германия вице-чемпионлари «Сантиаго Бернабеу»да йиғилган 80 мингдан ортиқ мухлисларни жуда кўп вазиятларда хавотирга солганди, аммо якунда 15 карра Чемпионлар Лигаси ғолиблари тажриба эвазига ғалабани илиб кетганди. Чоршанба оқшомида Францияда ўтказилган беллашувда эса «Реал»нинг бу ҳунари иш бермади. Мавсум аввалидан бери пишиб етилиб келаётган мағлубият ахири содир бўлди — «Лилл» шу йил январидан бери мағлубият нималигини билмай келаётган Европа қиролларини енга олди ва тан олиб айтиш керакки, буни ҳақли равишда бажарди.

Французларга қарши беллашувда «Реал» ҳужумида жуда кўплаб узилишлар кузатилди. Одатда, энг кам хато қилувчи Дани Карваҳал ҳам, майдон марказида рақибларга тинчлик бермайдиган Беллингҳем ҳам шу оқшомда ўзларига умуман ўхшамади. Жароҳати сабаб ушбу баҳсни ўтказиб юбориши кутилган, бироқ тахмин қилинганидан эртароқ қайдномага киритилган Мбаппенинг иккинчи бўлимда майдонга тушиб амалга оширган ҳаракатларини эса ортиқча танқид остига олишдан ўзимизни тиямиз. Жамоа бюджетини ғалаба орқали келиши мумкин бўлган қарийб 2,1 миллион евродан мосуво қилган ушбу мағлубият бутун кампанияни ҳал қилиб юборувчи муваффақиятсизлик бўлмаса-да, буёғига мадридликларни кутаётган қийин учрашувлар олдидан Анчелотти шогирдларига қўшимча босимга айланиб кетиши мумкин. Чемпионлар Лигасининг келгуси 3 турида «Реал»га «Боруссия» Дортмунд, «Ливерпул» ва «Милан» рақиблик қилади. Аксига олгандек, кетма-кет кутиб турган мана шундай баҳсларга «Қироллик клуби» «Барса»дан Ла Лигада 3 очко ортда бораётган ҳолида тайёрланишига тўғри келади.

«Лилл»га қарши беллашувда «Реал» барибир ўз вазиятларига эга бўлди. Буни xG — голлар кутилмасидан ҳам билиб олса бўлади. Айниқса, сўнгги дақиқалардаги штурм вақтида Антонио Рюдигер томонидан берилган икки зарба ва Арда Гулернинг вазиятлари испанларга умид бахш этгани аниқ. Бироқ шу куни французлар посбони Лукас Шевале жуда яхши ҳаракат қилди.

Учрашувнинг «Реал» мухлислари учун эътиборли бўлган яна бир жиҳати Эндрикнинг Чемпионлар Лигасида биринчи марта бошланғич таркибдан ўрин олиши бўлди. 18 ёшли ҳужумчи Мбаппенинг трансфери ортидан жамоада 2-рақамли ҳужумчи вазифасини ўтаяпти ва мана шу каби ўйинлар унинг учун франциялик рақобатчисининг ўрнини яхши тўлдира олиши мумкинлигини кўрсатиш учун имкониятдир. Бразилиялик йигитчанинг бошланғич таркибдаги ўйини жамоаси учун омадсиз кечди. Аммо у барибир «Реал» тарихида Чемпионлар Лигасини асосий таркибда бошлаган энг ёш футболчига айланди.