Жамият | 16:51 / 06.10.2024
4519
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ва Сирдарё вилоятларида сохта доллар ва сўмларни муомалага киритмоқчи бўлганлар ушланди

Тошкент вилоятида 3 200 доллар, Сирдарёда 1,3 млн сўм қалбаки пулларни ўтказмоқчи бўлган шахслар ушланган. 

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Тошкент ва Сирдарё вилоятларида қалбаки пулларни ўтказмоқчи бўлган шахслар ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар бермоқда

Маълум қилинишича, департаментнинг Бўка тумани бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида Қибрай тумани, “Юқори юз” МФЙ ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро С.С. 100 долларлик купюрадаги қалбаки 3 200 долларни фуқаро А.И.га ҳақиқий 1 000 долларга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. 

Департаментнинг Сирдарё тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро С.З. ва бошқалар тадбиркор Ш.Н.нинг савдо дўконидан харид қилган озиқ-овқат маҳсулотлари учун қалбаки 100 минг сўмлик купюрани берган вақтида ушланиб, уларнинг ёнидан жами 1,3 млн сўм қалбаки пуллар ашёвий далил сифатида олинган. 

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид