Беларусда мухолифатчиларга қарши янги йирик иш очилди
Гумонланувчилар рўйхатида 45 киши бор. Улар келгуси йилда Беларусдаги сайловларни бузиш режасини ишлаб чиқишга уринишда айбланмоқда.
Беларус Тергов қўмитаси (ТҚ) мамлакат раҳбари Александр Лукашенконинг мухолифларига қарши янги йирик жиноий иш қўзғатди. Унда 45 киши иштирок этяпти, уларнинг мол-мулки хатловга олинди, дея хабар қилди Тергов қўмитаси матбуот хизмати 8 октябр, сешанба куни эрталаб.
Иш август ойида Вилнюсда бўлиб ўтган «Янги Беларус» конференциясида Беларус демократик кучлари томонидан қабул қилинган «Платформа 2025» ҳужжати юзасидан қўзғатилган. Унда айтилишича, Лукашенко «жиноий равишда ҳокимиятни сақлаб қолди», Беларус давлат тузилмалари сайловлар ўтказиш учун қонуний эмас ва «Платформа 2025»нинг асосий вазифалари «сиёсий маҳбусларни озод қилиш ва Беларусдаги репрессияларни тугатиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш»дир.
Беларус Тергов қўмитаси ишда қатнашаётганларни «2025 йилги сайловларни бузиш режасини ишлаб чиқишга уринишда» айбламоқда. «Платформа 2025» конституциявий тузумга тажовуз қилиш, ички ишларга четдан аралашиш, мамлакатимизнинг миллий манфаатларига зид сиёсий йўналишни жорий этиш, ахборотга бузғунчи таъсир кўрсатиш, сайловолди ташвиқотини обрўсизлантириш ёки бузиш, кескинлик ва қарама-қаршиликни кучайтириш мақсадида яратилган», деб даъво қилмоқда тергов.
«Қадр-қиммат куни — 2024»
Бундан ташқари, Беларус Тергов қўмитаси «Тихановская (мухолифат етакчиси) ва унинг тарафдорларининг Беларус Республикасида давлат ҳокимиятини конституцияга зид йўллар билан эгаллаб олиш ҳаракатларига яна 22 нафар шахс қўшилгани аниқлангани» ҳақида хабар берди. Уларнинг барчаси гумонланувчи деб ҳисобланади.
Тергов қўмитаси, шунингдек, Чехия, Украина, Финландия, Полша, Латвия, Литва, Германия, Гуржистон, АҚШ ва бошқа баъзи давлатлар шаҳарларида Беларус норозилик намойишларининг навбатдаги йиллиги муносабати билан ташкил этилган «Қадр-қиммат куни — 2024» доирасидаги кўча йиғилишлари иштирокчиларига қарши жиноий иш қўзғатилганини эълон қилди.
Тергов маълумотларига кўра, тадбирлар «Беларус Республикасининг халқаро майдондаги обрўсига путур етказиш ва мамлакатнинг ҳозирги раҳбариятига зарар етказиш» учун уюштирилган.
Мавзуга оид
23:12 / 28.10.2024
Гуржистон пойтахтида парламент сайловлари натижасига қарши норозилик намойишлари бошланди
19:19 / 23.10.2024
Беларусда президентлик сайлови санаси белгиланди
20:39 / 08.10.2024
Беларусда «давлат ҳокимиятини эгаллашга уринган» 22 нафар мухолифатчига жиноят иши қўзғатилди
10:50 / 05.10.2024