Жаҳон | 15:57 / 11.10.2024
5514
2 дақиқада ўқилади

АҚШда муваффақиятли ажратилган сиам эгизаклари биринчи туғилган кунини нишонлади

Ака-укалар бир-бирига қорни билан ёпишган ҳолатда туғилганди. Бир йиллик даволанишдан сўнг болалар уйига қайтди.

Фото: AP

Яқинда ўтказилган операция натижасида бир-биридан муваффақиятли ажратилган ака-ука сиам эгизаклари ўзларининг биринчи туғилган кунини нишонлади, деб хабар бермоқда Euronews.

АҚШнинг Филаделфия шаҳрида истиқомат қилувчи оиланинг фарзандлари Амари ва Жавар Раффин 2023 йил сентябр ойида кесарча усули билан дунёга келган.

2024 йил 21 августда Филаделфия болалар шифохонасининг жарроҳлик гуруҳи саккиз соат давомида эгизакларни ажратиш операциясини ўтказди. Гуруҳ таркибида йигирмадан ортиқ мутахассис, жумладан жарроҳлар, анестезиологлар, рентгенологлар, ҳамширалар ва бошқа кўплаб ходимлар бор эди.

Қорни билан ёпишган болалар ажратилгач, уларнинг қорни тўр қатламлар ва пластик жарроҳлик усуллари ёрдамида ёпилиб, қайта тикланди.

“Сиам эгизакларини ажратиш ҳар доим қийин кечади, чунки ҳар бир эгизак жуфтлиги индивидуал”, — деди болалар шифохонаси болалар жарроҳи ва фетал жарроҳ Ҳолли Ҳедрик. “Ушбу муҳим кун олдидан операция жараёнини репетиция қилишга соатлаб вақт сарфлаймиз, ҳатто ҳар бир болани алоҳида каравотга ётқизишни машқ қиламиз”.

Шифохона маълумотларига кўра, болалар бир йиллик даволанишдан сўнг 8 октябр куни уйига қайтарилган.

“Уларни ўз ўринларида кўриш таърифга сиғмайдиган туйғу бўлди”. — деди эгизакларнинг онаси Шанека Раффин.

Раффинлар оиласи эгизаклар бир-бирга ёпишган ҳолатда эканини ҳомиладорликнинг 12-ҳафталигида режали ультратовуш текшируви пайтида билган.

Шанека Раффинга ҳомиладорликни тўхтатиш тавсия этилган. Бошқа томондан эса бу кам учрайдиган касаллик бўлса-да, уларни муваффақиятли ажратиш мумкинлиги айтилган. Оилага ушбу фикр маъқул келган.

Сиам эгизаклари ҳар 35 000-80 000 та туғилишнинг бирида учрайди. Ушбу шифохона АҚШдаги бундай чақалоқларни ажратиш тажрибасига эга саноқли тиббиёт муассасаларидан бири ҳисобланади.

Аввалроқ Туркияда сиам эгизаклари 14 соатлик операцияда муваффақиятли ажратиб олинганди. Амалиётга етакчилик қилган британиялик жарроҳлар операцияга тайёргарлик давомида илк бор 3D замонавий технологияларидан фойдаланди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид