Юнусобод туманининг 6-мавзесида Тошкент иссиқлик марказининг буюртмаси билан газ поршенли когенерацион электр станцияси қурилмоқда. Қурилиш ишлари фонида у ерда тадбиркор томонидан барпо этилган 800 та дарахтга эга кичик боғ йўқ қилинди. Kun.uz'га маълум қилинишича, табиатга етказилган зарар қарийб 944 млн сўмни ташкил этмоқда.
Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани 6-мавзе 48-уй, “ Active Asia Gold” МЧЖ биноси орқасидаги 800 дона мевали ва манзарали дарахтлар электр станцияси қурилиши важи билан йўқ қилингани айтилмоқда.
“Дарахтларни эзиб, синдириб устига ваҳшийларча тупроқлар солиб, ташлаб юборишган”
Боғни барпо қилган МЧЖ раҳбарига кўра, дарахтлар 4 йиллик бўлиб, энди мевага кира бошлаган. Аммо 2 кун ичида ҳеч қандай огоҳлантиришсиз ҳаммасини тезда, яширинча текислаб ташлашган.
“2020 йилда биз бу ерда ишлаб чиқаришни йўлга қўйганимизда ташландиқ ер эди, ахлатхона, уйсизлар ётадиган [жой эди]. Кейин шуларни бир тозаласак деб Юнусобод тумани ҳокимиятига чиқдим, мурожаатимизни кўриб чиқиб, “ободонлаштириш қилинглар, дарахт экинглар” деб рухсат беришди.
Шундан кейин биз ҳамма чиқиндиларни тозалаб, 800 та мевали ва манзарали кўчатлар, дарахтларни экдик. 4 йилда дарахтлар мевага кирди, ҳар ой дориларини, агрономларини олиб келиб, ариқлар қил[ган]дик. Лекин ўтган куни кечаси кутилмаганда техникаларни қўйиб юбориб, дарахтларнинг ҳаммасини синдириб, пайхон қилиб ташлашди”, – дейди шахсини очиқлашни истамаган тадбиркор.
Унинг қўшимча қилишича, шу йил 7 май санасида Тошкент иссиқлик маркази МЧЖ томонидан “Active Asia Gold” фирмасига хат чиқарилган. Унга кўра, ҳукуматнинг тегишли топшириғи асосида Юнусобод туманидаги 4-иссиқлик марказининг шимолий ҳудудида 100 МВт бўлган газ поршенли когенерацион электр станцияси қурилиши режалаштирилган. Шу асосда марказ МЧЖдан жойдаги объектларни кўчириш ва олиш бўйича чораларни кўришни сўраган.
Бунга жавобан МЧЖ мавжуд инфратузилмани кўчириш ваколати жамиятга тегишли эмаслигини, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига мурожаат қилишини билдирган.
“Улар [Тошкент иссиқлик маркази МЧЖ] билан олдин хат ёзишмалари бўлди, “кўчатларни кўчиринглар, бу ерда қурилиш қиламиз”, дейишганда биз расмий хат юбордик: “бизнинг ваколатимизга кирмайди, бунга бошқа ташкилотлар жавоб беради, уларга мурожаат қилинглар”, деб айтганмиз. “Қарорми, қўлингларда нима бор қурилиш қилишга?” деб сўрасам, “ҳозирча ҳеч нарсасимиз йўқ, чиққанда кўрсатамиз”, дейишганди.






