Футбол бўйича БАА миллий жамоасининг тўрт нафар футболчиси 15 октябр куни Тошкент шаҳридаги «Бунёдкор» стадионида Ўзбекистон миллий жамоасига қарши кечадиган ўйинда иштирок эта олмайди.

БАА футбол федерацияси сайти хабарида ҳимоячи Куаме Куадионинг сариқ карточкалари тўпланиб қолгани, унинг амплуадоши Абдулраҳмонда жароҳат борлиги, яримҳимоячи Яҳё Нодирнинг спорт формаси жойида эмаслиги айтилган, тажрибали ҳужумчи, жамоа тўпурарларидан бири (30 ўйинда 12 гол) Фабио де Лима эса шахсий сабабларга кўра Тошкентга уча олмагани кўрсатилган.

ЖЧ-2026 саралаши гуруҳ босқичининг 4-тури доирасида кечадиган муҳим ўйин олдидан мазкур рўйхатдаги айнан тўртинчи футболчи билан боғлиқ ҳолат муҳокамалар марказига чиқди. Бу у ўтмишда Ўзбекистон «фуқаролиги»ни олгани билан боғлиқ.

Асли бразилиялик бўлган Фабио Виржинио де Лима айни вақтда 31 ёшда. У 11 йил муқаддам, 2013 йилда Ўзбекистон «фуқароси»га айланиб қолган ва БАА чемпионатида осиёлик легионер сифатида рўйхатдан ўтганди. Лекин унинг паспорти сохта бўлган ва бундай рақамли паспорт аслида бошқа одамга тегишли эди. 

Ўзбекистонлик футбол мутахассиси, ФИФА ташкилий қўмитаси аъзоси Алишер Никимбаев ушбу футболчи билан боғлиқ тарихни ҳикоя қилган. У 2023 йил февралида ўзининг «Футболиум» телеграм-каналида БАА миллий жамоасида муаммосиз тўп суриб келган «Ўзбекистон фуқароси»нинг паспорти муддати тугагани ҳақида хабар қолдирганди:

«Оддий тарих. 2010-йилларда БАА клубларида легионерлар лимитида осиёлик футболчига ажратилган ўрин Осиё мамлакатлари фуқаролигини қабул қилган бошқа юрт вакиллари билан тўлдириш ҳаракати бошланганди. Шу тариқа, Жусилей («Анжи»да бразилиялик эди) каби «фаластинлик»лар кўпайишди. Фаластин паспорти 25 минг долларга тушиши ҳақида ҳам гап-сўзлар тарқалганди. Хуллас, 2014/2015 йиллар мавсуми бошланиши арафасида, ажойиб кунлардан бирида «Ал-Васл» клуби ўзбекистонлик футболчини рўйхатдан ўтказди - Фабио де Лима.

Аввалига ҳаммаси мавҳум кўринди. Солиқ қўмитаси сайтида паспорт рақамини текшириш шуни кўрсатдики, бу рақамли ҳужжат русча исм-фамилияли аёл ёки эркакка берилган. Лига клубларидан бири эътироз билдирди, аммо ҳақиқатни билиши ёки тагига етиши мумкин бўлганларни жазолаш асносида ишни силлиқ ёпишди. Фабио эса нав­батдаги мавсум бразилияликка айланди, кейин БАА фуқаролигини олди ва ҳалигача Ўзбекистонга боришдан қочади...»