Жаҳон | 11:10 / 14.10.2024
4157
2 дақиқада ўқилади

Lufthansa раҳбари: ГФРга парвозлар сони қисқаришда давом этади

Lufthansa бош ижрочи директори Карстен Шпор авиакомпаниялар Ryanair ва Eurowings каби Германия орқали парвозлар сонини қисқартиришда давом этишидан хавотирда. Сабаби - солиқлар жуда юқори.

Фото: Flickr / Lars Steffens

Lufthansa раҳбари Карстен Шпор авиакомпаниялар Германия орқали парвозлар сонини қисқартиришда давом этишидан хавотирда. Сабаби, Германияда авиакомпаниялар учун солиқ ва тўловлар жуда юқори, деди Шпор 12 октябр, шанба куни чоп этилган Bild нашрига берган интервюсида.

«Давлат тўловларининг ҳаддан ташқари ўсиши таъминотнинг (ҳаво парвозлари бозорида) пасайишда давом этишига олиб келади, тобора кўпроқ авиакомпаниялар Германия аэропортларидан парвоз қилишдан қочмоқда ёки улар орқали муҳим туташишларни бекор қилмоқда», — деди Lufthansa раҳбари. У ҳозирги вазиятдан жуда хавотирда эканлигини таъкидлади.

Берлин иқтисодий прогнозни пасайтирди ва рецессияни кутмоқда

Германия федерал ҳукумати жорий йил учун иқтисодий прогнозини ўзгартирди ва дастлабки тахминлардан фарқли ўлароқ, энди рецессия давом этишини кутмоқда. 9 октябр куни эълон қилинган расмий прогноз 2024 йил охирига бориб Германия ялпи ички маҳсулоти 0,2 фоизга қисқаришини кўрсатмоқда.

Шундай қилиб, бу йил учун прогноз аввалгисига нисбатан сезиларли даражада ёмонлашди, деди Германия иқтисодиёт вазири Роберт Ҳабек Берлинда. Баҳорда Германия ҳукумати 0,3 фоизлик иқтисодий ўсишни кутган эди.

Бунинг сабаби истеъмол талабининг заиф ўсиши, шунингдек, юқори фоиз ставкалари ва беқарор геосиёсий вазият туфайли компанияларнинг паст инвестицион фаоллиги, дея маълум қилди ҳукумат.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид