Сирдарё туманида ўзига олдиндан таниш бўлган аёлни пилка ёрдамида, унинг ёш фарзанди ва кекса онасини эса бўғиб ўлдирган ҳамда жиноят изини йўқ қилиш мақсадида марҳумлар мурдаси ётган хоналарни ёқиб юборган шахсга ҳукм ўқилди. Қотиллик қурбони бўлганлар – аёл 39, ўғли 12 ва онаси 73 ёшда бўлган.
Kun.uz танишган суд ҳукмида келтирилишича, жиноятни 1989 йилда туғилган Мухтор Шарафбаев содир этган. У 2022 йил январ ойидан Сирдарё вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ махсус қабулхона навбатчилик қисми инспектори лавозимида ишлаб келган ва 2023 йил декабр ойида ўз аризасига асосан лавозимидан озод қилинган.
Мухтор Шарафбаев оилали бўлишига қарамай, 2017 йил куз фаслида фуқаро Э.Камарова билан танишиб, у билан яшаб келган. 2024 йил 26 апрел куни соат 23:00 ларда Э.Камарованинг яшаш уйига борган Шарафбаев дераза орқали унинг ётоқхонасига кирган. Эркак ва аёл жинсий алоқадан сўнг суҳбат давомида тортишиб қолган. Юзага келган келишмовчиликдан собиқ инспектор хонада стул устида турган ўткир тиғли пилкани (аёллар тирноғини текислайдиган мослама) олиб, Э.Камарованинг бўйин, жағ ва пешона соҳаларига бир неча маротаба урган. Бунинг оқибатида аёл воқеа жойида вафот этган.
Шовқиндан хонага Камарованинг вояга етмаган фарзанди Х.Алмамедов кириб келган. Мухтор Шарафбаев болани диванга ётқизиб, ёстиқ билан бўғиб ўлдирган. Қотилнинг навбатдаги қурбони қўшни хонада ухлаб ётган кекса ёшдаги Н.Қўлдошева, яъни Э.Камарованинг онаси бўлган: у ҳам жиноятчи томонидан ёстиқ ёрдамида бўғиб ўлдирилган.

Шундан сўнг жиноятчи хонадан стол устида турган Redmi-12 телефон аппаратини яширин равишда қўлга киритиб, жиноят изини яшириш мақсадида мурдалар ётган икки хонани ёқиб юборган. Ўзи эса уйдан чиқиб кетган.


Мухтор Шарафбаев судда айбига иқрор бўлган.
“2017 йил куз фаслида Сирдарё тумани Малик чорраҳасининг ёнидаги “Қурбон” номли чойхонада официант бўлиб ишлаб келган Э.Камарова билан танишдим. Шундан сўнг у билан бирга никоҳсиз яшаб келдим. ИИБ тизимига ишга кирганимдан сўнг Э.Камарова ва унинг онаси Н.Қўлдошева тинимсиз устимдан ариза ёзаверди. Шу сабабли менга ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланди. 2023 йил декабр ойида ўз хоҳишим билан ариза ёзиб бериб, ишдан ҳам бўшадим.















