ХКС учун ўринбосар: АҚШ компанияси янги космик станция лойиҳасини тақдим этди
Vast Space компанияси орбитада Халқаро космик станциясининг ўрнини босадиган тижорий тадқиқот станциясини барпо этиш учун NASA’дан молиявий ёрдам олишга уринмоқда.
АҚШнинг Vast Space компанияси 2031 йилда Халқаро космик станция (ХКС) эксплуатациядан чиқарилгандан сўнг унинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган Haven-2 орбитал станцияси лойиҳасини тақдим этди. Бу ҳақда SpaceNews хабар берди.
NASA 2031 йилда ХКСни орбитадан туширишни режалаштирмоқда. Шу сабабли, бир неча йилдан буён NASA томонидан молиялаштирилган хусусий компаниялар янги тижорат космик станцияси лойиҳаларини ишлаб чиқяпти.
Улар орасида Vast Space ҳам бор. NASA 2026 йилда молиялаштиришни давом эттирадиган иккита энг яхши лойиҳани танлаши керак. Шу билан бирга, Vast Space кейинги ўн йилликнинг бошида тўлиқ Haven-2 космик станциясини яратиш умидида бошқа инвестицияларни ҳам жалб қилмоқда.
Ҳозирча Vast Space компанияси 2025 йилда бир модулли Haven-1 космик станциясини Ернинг паст орбитасига жойлаштиришни режалаштирмоқда. Унга қисқа муддатга NASA астронавтлари жўнатилиши кўзда тутилган. Ушбу станция келажакда қурилиши мўлжалланган янада йирикроқ Haven-2 орбитал лойиҳасининг дастлабки намунаси ҳисобланади.
Vast Space компанияси 2028 йилда SpaceX фирмасининг Falcon Heavy ташувчи ракетасида Haven-2 станциясининг биринчи модулини космосга юборишни режалаштирмоқда. Бу модул Haven-1 дан каттароқ ва уланиш портларига эга бўлади.
Сўнгра 2029 ва 2030 йилларда яна учта модулни орбитага чиқариш режалаштирилган. Тўрттала модулнинг барчаси бир хил бўлади, лекин турли лаборатория хоналари билан жиҳозланади. Йиғилган ҳолатда улар биргаликда битта чизиқ ҳосил қилиши керак.
ХКС ўрнини босадиган янги космик станциянинг асосий қисми 2030 йилда SpaceX компаниясининг Starship ракетаси ёрдамида орбитага чиқарилиши режалаштирилмоқда. Ушбу модулда астронавтларнинг очиқ космосга чиқиши учун шлюз ўрнатилади. Бундан ташқари, модул космик кемаларни улашда ёрдам бериш учун роботлаштирилган манипулятор билан жиҳозланади.
Шундан сўнг, Vast Space коинотга яна 4 та модулни жўнатмоқчи ва шу тариқа Haven-2 станцияси 2032 йилда тўлиқ йиғилади. Янги модуллардан бири Ер ва коинотни кузатиш учун панорамали гумбазга эга бўлади, бу ХКСдаги гумбаздан анча катта бўлиши кутилмоқда.
Vast Space ХКСнинг ворисини яратиш ҳуқуқи учун Axiom Space, Blue Origin ва Starlab Space билан рақобатлашмоқда. Потенциал икки ғолиб 2026 йилда янги космик аванпостни ишлаб чиқиш учун NASA’дан 2 миллиард доллар олиши мумкин.