22 октябр куни Қозонда очилган BRICS саммити — 2022 йил февралида Украинага кенг кўламли босқин бошлаганидан буён Россия учун энг нуфузли халқаро тадбир. Меҳмонлар орасида — нафақат блок аъзолари бўлган мамлакатлар раҳбарлари, балки ҳозирча унга қўшилиш имкониятини кўриб чиқаётган давлатлар вакиллари ва ҳатто БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам бор (бунинг учун Украина уни қоралади). Ғарб матбуотидаги дастлабки баҳоларга кўра, России АҚШ ва Европа мамлакатларига Москвани яккалаб қўйиш режаси ўхшамаганини кўрсатишга муваффақ бўлган. Аммо саммитга келган йирик давлатлар раҳбарларининг ҳам Россияники билан мос келмайдиган ўз прагматик кун тартиби бўлиши мумкин.

Путиннинг рамзий ғалабаси

Россия —  Бразилия, Ҳиндистон, Хитой қаторида BRICS асосчиларидан бири ҳисобланади (блок ўзининг ҳозирги номини 2010 йилда ЖАР қўшилганидан кейин аъзо давлатларнинг бош ҳарфларидан олган). Кейинроқ Эрон, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари ва Эфиопия ҳам блокка қабул қилинган. Шунингдек, Туркия ва Озарбойжон BRICS’га аъзолик учун ариза топширган.

BRICS’нинг Россиянинг Украинага босқинидан кейинги илк саммити 2023 йилда Йоханнесбургда ўтказилган, унга Владимир Путин бормаган ва видеоалоқа орқали чиқиш қилиш билан чекланганди: бу вақтда Халқаро жиноий суд уни ҳибсга олишга ордер бериб бўлганди, ЖАР раҳбарияти эса ундан мамлакатга келмасликни сўрагани айтилган.

Россия президенти Владимир Путин учун Қозондаги саммит — Ғарбга ҳам, россияликларга ҳам у бутун дунёдан ажратиб қўйилмаганини кўрсатиш имкониятидир, дея қайд этади BBC рус хизмати корреспонденти Григор Атанесян. АҚШ ва иттифоқчилари уни айнан шундай четланган қилиб кўрсатишса-да, Глобал Жанубнинг 30 дан ортиқ давлатидан келган дипломатлар ва мулозимлар бунга қўшилмайди.

Улар орасида — Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Туркия, ЖАР, шунингдек, Миср ва Эфиопия ҳамда бошқа давлатлар бор. Улардан бир қисми худди Россия каби Ғарб санкцияларига учраган, бошқалари эса — АҚШнинг муҳим иттифоқчилари, Туркия эса НАТО аъзоси.

Бу мамлакат раҳбарлари Россияга боришга ва Путиннинг қўлини сиқишга тайёрлиги (Нарендра Моди уни қучоқлаб ҳам олди) кўрсатадики, Глобал Жанубнинг аксар вакилларида  Москванинг Украинага ноқонуний бостириб киришига — Вашингтон ва Европа пойтахтларида кўрилганидек, жаҳон тартиботига экзистенциал таҳдид эмас, балки навбатдаги минтақавий можаро сифатида қаралади, деб ҳисоблайди BBC рус хизмати корреспонденти.

Аммо Кремлга рамзий кўтаринкилик беришдан ташқари BRICS’нинг бу учрашуви қандай моддий ютуқларга эришиши номаълум, дея қайд этади Григор Атанесян. «Что это было» подкастидаги чиқишида у ҳозирда BRICS мамлакатларини нима бирлаштираётгани ва Қозондаги саммит Кремлга нима учун кераклигини тушунтиради.