BRICS+ форматини ҳам ўз ичига олган саммитга 30 дан ортиқ давлат раҳбарлари, қатор халқаро ташкилотлар намояндалари келди. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uz'даги колонкасида ҳафтанинг бош геосиёсий воқеаси ҳақидаги мулоҳазаларини баён қилади.
Татаристон пойтахтида ўтган BRICS саммити атрофида “Кимлар келади?”, “Нималар гапирилади?”, “Бошқа давлат раҳбарлари Россия-Украина уруши бўйича, Исроил-Фаластин можароси бўйича, коллектив ғарб ҳокимияти бўйича нималар дейди?” деган саволлар кўпчиликни қизиқтирди, интригаларга сабаб бўлди.
Қисқача бўлса-да, BRICS тарихига тўхталиб ўтсак. BRICS 2006 йилда тузилди, бошида бу уюшмага бор-йўғи тўртта давлат аъзо эди: Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой. 2011 йилга келиб ташкилотга Жанубий Африка Республикаси қўшилиши оқибатида BRICS абривиатураси пайдо бўлган эди. 2000-йилларнинг ўрталарида бу давлатларнинг иқтисодиёти ҳозиргига қараганда анча заиф эди, қолаверса, бу давлатлар коллектив ғарбга қарши тирашув ҳолатида эмас эди. Шунинг учун BRICSнинг энг бошланғич мақсади – ўзаро иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, муштарак манфаатлар учун бирга лойиҳалар ишлаб чиқиш эди.
BRICS 2024 йилнинг январ ойида тўртта янги аъзо давлат ҳисобига янада кенгайди, булар: Эрон Ислом Республикаси, Эфиопия, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари. Саудия Арабистони ҳам шу санадан ташкилот аъзоси бўлиши кутилган бўлса-да, бу ҳали расман содир бўлгани йўқ. Шунингдек, BRICSга аъзо бўлишга қизиқаётган, ариза берган ва аъзоликни кутаётган давлатлар сони ҳам кўпайиб бормоқда, булар: Малайзия, Индонезия, Озарбайжон, Сурия Араб Республикаси. Қозоғистон BRICSда кузатувчи мақомига эга, лекин бир неча кун олдин аъзо бўлишга шошилмаслигини билдирди. Туркия ҳам BRICSга қизиқишини билдириб, Ғарб давлатлари билан “савдолашмоқда”: “Агар менга Европа Иттифоқи эшикларини тезроқ оқмасангиз, BRICSга кетиб қоламан...”
BRICS – бу тўлақонли халқаро ташкилот эмас. Унинг штаб квартираси йўқ, ташкилий тузилмаси жуда содда, секретариати йўқ. Аслида, BRICSни клуб дейиш мумкин. Иқтисодий ва геоиқтисодий клуб. Худди “Еттилик гуруҳи” (G7) каби. BRICSнинг ягона доимий ишлаб турувчи ташкилоти – бу BRICS банки (Янги тараққиёт банки) ҳисобланади. Аъзо давлатлар банкка тенг улушда пул киритади. Ва бу пул аъзо давлатлардаги лойиҳалар учун ишлатилади. Лекин, қизиғи шундаки, BRICS банки кейинги икки йилда Россияга нисбатан жорий қилинган барча санкцияларга риоя этиб келмоқда. Яъни, Россия BRICS банкига пул беради, лекин ололмайди, ишлата олмайди.
BRICSга аъзо давлатлар ўзаро уюшишдан икки йўналишдаги мақсадларни кўзлайди. Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Эрон Ислом Республикаси ва каби давлатлар бу ташкилотни Ғарбнинг иқтисодий ва геосиёсий гегемониясига қарши уюшма сифатида кўради, шунинг учун бу ташкилот Ғарбга, АҚШга қарши лойиҳаларни жадаллаштириши керак деб ҳисоблайди.















