Қарийб икки декада давомида Криштиану Роналду ёки Лионел Месси «Олтин тўп» учун асосий даъвогарларнинг кенгайтирилган рўйхатига киритилиб келинарди. Бу галги сўнгги 30 номзод орасида улар кўриниш бермади ва катта эра шу билан якунига етди.
Уларнинг рўйхатда эмаслиги натижасида, бу йилги энг яхши футболчини аниқлаш маросими олдидан номзодлар сифатида одатда ўрганганимиздан ҳам кўпроқ номлар жаранг сочмоқда. Ва уларнинг ҳар бирида футболдаги энг катта индивидуал совринни ютиш учун ўз сабаблари бор.
Винисиус Жуниор
«Реал»нинг бразилиялик футболчиси дастлабки мавсумлардаги оғир дамларни бардош билан босиб ўтгани эвазига бугунги таркибнинг асосий етакчиси ва юлдузларидан бирига айланди. Карим Бенземанинг жамоадан кетиши ҳужум марказини ожизлаштириши ва бу мавсум давомида «қироллик клуби»га панд бериши кўп бора тахмин қилинди. Бироқ Вини Анчелотти ўйлаб топган ечимга муваффақиятли мослашди ва шериги Родриго билан ажойиб тандемни юзага келтирди. Таъкидлаш керакки, бу икки футболчининг муваффақиятли боғлами мадридликларнинг ўтган мавсумдаги ютуқларига асос бўлиб хизмат қилди.
Вини якунига етган мавсумда клуби сафида 39та учрашувда майдонга тушиб, 24та гол ва 11та ассист амалга оширди. Мавсум давомида бир неча ойларни жароҳат сабаб ўтказиб юборган ҳужумчи якуний паллада юқори формада жамоа ихтиёрида бўлди. Мавсумнинг ҳал қилувчи ўйинларида эса Винисиус Жуниорни тўхтатиб бўлмади. Испания Суперкубоги финалидаги «класико»да ҳет-трик қайд этди. УЕФА Чемпионлар Лигаси плей-оффининг ҳар бир босқичида жамоасининг камида битта голида иштирок этди. Жумладан, «Бавария»га қарши илк учрашувдаги дубли ва финалда урган голи «қаймоқранглилар»нинг 15-титулни қўлга киритишида ҳал қилувчи аҳамият касб этди.

Хўш, бундай мавсум ўтказган «монстр»ни «Олтин тўп»ни ютишдан нима тўхтата олади? Миллий жамоадаги муваффақиятсиз мавсум. Бразилия миллий жамоасини Неймарсиз Америка Кубогига бошлаб тушиши ва чемпионлик учун курашда етакчи сифатида жамоани тортиб бориши кутилган Винисиус, амалда, кутилмаларни оқлаб бера олмади. Мавсум давомидаги ўртоқлик учрашувларида кузатилган голсиз серия етмаганидек, Копа Америкада 24 ёшли ҳужумчи жамоаси муваффақиятсизлигидаги бош айбдорлардан бирига айланди. Умуман, гуруҳ босқичида «пентакампеонлар» фақат битта учрашувда ғалабага эришди ва ўша Парагвайга қарши учрашувда Вини дубл қайд этди. Қолган икки учрашувда голда иштирок этмагани ва жамоаси дуранг ўйнаганини ҳазм қилиш мумкиндир, лекин 3та ўйиннинг 2тасида сариқ карточка олиб, чоракфинал баҳсида Уругвайга қарши тўқнаш келган жамоасига ёрдам бера олмагани унинг манзилига бразилиялик мухлисларнинг норозилигини алангалатиб юборди. Дарҳақиқат, ушбу беллашувда уругвайликлар пеналтилар сериясидаги ғалаба эвазига яримфинал йўлланмасини қўлга киритдилар.

















