Гуржистондаги бу галги сайловлар аввалгиларидан фарқ қилади. Сабаби — давлат ривожланишда қайси йўлни танлаши шу сиёсий тадбирнинг натижаларига боғлиқ эди. Сайловолди кампанияси кескин ҳамда жамиятнинг икки қутбга бўлиниши фонида ўтди. Овоз бериш давлат тарихида илк бор тўлиқ пропорционал шаклда бўлди.
Сайлов якунларига кўра 5 та партия, жумладан, ҳукмрон «Гуржистон орзуси», «Гуржистонни қутқариш учун бирлик», «Ўзгаришлар учун коалиция», «Кучли Гуржистон» ҳамда «Гуржистон учун» партиялари парламентда ўринларга эга бўлди.
Таъкидлаш жоизки, ҳукмрон партия биринчи марта 2012 йилги сайловларда ғалаба қозонган. Партия 4 марта сайловда қатнашяпти ва аввалги ҳукмрон партиялардан фарқли равишда 4 марта ҳам ғалаба қозонди. Бундан аввалги ҳукмрон партиялар эса кўпи билан 2 марта кўпчилик овозга эга бўла олган.
«Гуржистонни қутқариш учун бирлик партияси» эса собиқ президент Михаил Саакашвили тузган номдор мухолиф партия «Миллий ҳаракат», «Агмашенебели стратегияси» ва «Европа Гуржистони» партиялари, мустақил сиёсатчилардан иборат бўлди.
Гуржистон парламентида 150 та ўрин бор. Шу ўринларнинг ярмидан кўпини қўлга киритган партия бош вазирлик учун номзод кўрсата олади. Ҳукмрон «Грузин орзуси» партиясининг сайловолди кампанияси ўта популистик, антилиберал ҳамда россияпараст ғояларга бой, дея баҳоланди. Бу партия вакиллари электоратни агарда либераллар ҳокимиятга келса, Гуржистон урушга тортилиши ҳақидаги гап-сўзлари билан ўзига оғдиришга ҳаракат қилди. Бу билан орзучилар «Украинанинг куни бизнинг бошимизга тушади», демоқчи бўлди. Сайловолди тарғиботда ҳам бундан жиддий фойдаланишди, Украинанинг ҳозирги қиёфаси ва Гуржистон тасвирлари туширилган баннерлар пайдо бўлди.
Ҳукмрон партияга кўра, мухолиф кучлар жиноий гуруҳлар билан алоқаларга эга. Мухолифат эса европача йўл тарафдори. Тбилисида ўтказилган тадбирларда улар Гуржистон Европа Иттифоқини танлашини билдирувчи марш ўтказилган. Айни шу тадбирларда Гуржистоннинг амалдаги президенти Саломе Зурабишвили қатнашиб, нутқ сўзлаган. Президент ҳам тараққиётнинг Европа йўли тарафдори, лекин ҳокимият унинг қўлида эмас.
Сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, ҳукмрон «Гуржистон орзуси» 54 фоиздан зиёдроқ овоз билан ғалаба қозонгани айтилмоқда. Мухолифат блоки эса жами 37,3 фоиз овозга эга чиққан. Ўз ўрнида мухолифат сайлов натижаларини тан олмаслигини ва норозилик намойишларини бошлашини маълум қилди.
Марказий сайлов комиссиясига кўра, мухолифатдаги «Ўзгаришлар коалицияси» 10,8 фоиз, Саакашвили тузган мухолифатчи «Миллий ҳаракат» партияси қўшилган «Гуржистонни қутқариш учун бирлик» коалицияси 10,1 фоиз овоз тўплади. Тадбиркор ҳамда ТБС банки асосчисининг «Лело» партияси атрофида бирлашган «Кучли Гуржистон» эса 8,7 фоиз овоз йиға олган. Гуржистоннинг собиқ бош вазири Георгий Гахария бошчилигига «Гуржистон учун» партияси эса 7,7 фоиз натижага эга чиқди. Қолган партиялар парламентга кириш учун ўрнатилган 5 фоизлик тўсиқдан ўта олмади.







