Президентнинг “Навоий давлат университетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Навоий вилояти ҳокимлигининг Навоий давлат педагогика институти негизида Навоий давлат университетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.
Қуйидагилар университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:
- ҳудудда соҳа ва тармоқларнинг ривожланиш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда замонавий билим ва малакага эга бўлган илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича узлуксиз таълим тизимини яратиш;
- замонавий ўқув, илмий ва IT-лаборатория базасини яратиш, ушбу лабораторияларни илғор технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда илмий-инновацион тадқиқотлар трансферини амалга ошириш;
- талабаларни илмий-инновацион фаолиятга кенг жалб этиш, ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантиришнинг долзарб йўналишлари бўйича илмий лойиҳаларни амалга ошириш, уларнинг натижаларини жорий этиш юзасидан илмий ва амалий таклифлар ишлаб чиқиш;
- ўқув жараёнига халқаро таълим стандартлари, илғор таълим технологиялари ва усулларини жорий этиш, шунингдек, талабалардамустақил таълим олиш, тизимли таҳлил қилиш, ижодий фикрлаш кўникмаларини шакллантириш;
- етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари билан академик ва илмий ҳамкорликни ривожлантириш, профессор-ўқитувчиларнинг хорижий илмий-амалий стажировкасини тизимли йўлга қўйиш;
- талаба-ёшларда маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, Ватанга муҳаббат, унинг тақдирига дахлдорлик, касбга садоқат ҳиссини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёни ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш.
Навоий давлат педагогика институтида таҳсил олаётган барча талабалар ўқишларини университетда давом эттиради ҳамда 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб битирувчи курс талабаларига университет дипломи берилади.

















