Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига ташрифи давомида 12 та янги инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Қайд қилинишича, лойиҳаларга АҚШ, Франция, Германия, Австрия, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Хитой, Япония, Корея, Туркия каби мамлакатлар компаниялари инвестиция киритмоқда. Бу ташаббуслар кимё, энергетика, тоғ-кон, электротехника, тиббиёт, қурилиш индустрияси, текстил ва тўқимачилик каби тармоқларни қамраб олган.

Масалан, Хитой билан ҳамкорликда Кармана туманида йилига 2 миллиард 500 миллион сўмлик юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрлайдиган лойиҳалар амалга оширилади. Кимё ҳамда қурилиш материалларига ихтисослашган саноат паркини ташкил этиш, шамол генераторлари учун парраклар ишлаб чиқариш корхонаси шулар сирасига киради.

Шу туманда Россия билан яна бир инвестицион ташаббус – озиқ-овқат саноати учун алюмин қадоқлар ясаш йўлга қўйилади. Туркия билан ҳамкорликда Конимех туманида йилига 370 минг тонна фосфорит қазиб олиш, қайта ишлаш ҳамда фосфор кислотаси ва минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ташкил этилади. Австрия билан эса Навоий шаҳрида йилига 170 минг тонна цианит натрий тузлари ва каустик сода олиш лойиҳаси режалаштирилган. Мазкур лойиҳалар 17 мингдан ортиқ аҳолини иш билан таъминлаш имконини беради.

Шунингдек, давлат раҳбари «Янги Навоий» шаҳарчаси қурилиш майдонида бўлиб, кексалар ва зиёлилар билан суҳбатлашди.

«Бугун бу ерга Навоий вилоятидаги 8 та туман, 3 та шаҳарнинг эртанги куни қандай бўлади, деган саволга жавоб топиш учун келдик. Аслида, битта рўзғорни тебратишнинг ўзи бўлмайди. Худога шукур, аҳолимиз 38 миллионга яқинлашаяпти. Бунинг учун халқимизга муносиб мустаҳкам замин яратиб боришимиз керак. Бундай янги шаҳарчаларни нима учун қураяпмиз? Ёшларимиз ўсиб келаяпти. Улар ўзи туғилиб ўсган жойида ишлаб, яхши яшаши учун ҳамма ҳудудларда шароит яратамиз», деди президент.