Жаҳон | 11:59 / 08.11.2024
1734
3 дақиқада ўқилади

РФда «чет эл агентлари» ва мамлакатни тарк этганлар даромаддан маҳрум қилинади

Тегишли қонун лойиҳасини Давлат думаси раиси Вячеслав Володин эълон қилди. Унинг таъкидлашича, «Россияни унинг фуқароларини ҳақорат қилиш орқали йўқ қилаётганлар унинг ҳисобидан бойиб кетмасликлари керак».

Фото: AP

Россияда «чет эл агентлари» ва мамлакатни тарк этганларни даромаддан маҳрум этиш таклиф қилинмоқда. Тегишли ташаббусни Россия Федерацияси Давлат думаси раиси Вячеслав Володин билдирди. «Россияни унинг фуқароларини, махсус ҳарбий операция иштирокчиларини ҳақорат қилиш орқали йўқ қилаётганлар мамлакатимиз ҳисобидан бойиб кетмаслиги керак», — деб ёзди у 7 ноябр, пайшанба куни Telegramʼда.

Володиннинг сўзларига кўра, келгуси ҳафта Давлат думаси «чет эл агентлари» интеллектуал фаолият натижалари ва брендлардан фойдаланган ҳолда оладиган маблағларни тўлашнинг махсус тартиби тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқишни бошлайди. Унинг аниқлик киритишича, гап «фан, адабиёт ва санъат асарлари, ижро ва фонограммалар, радио ёки телевидениедаги хабарлар, ихтиролар ва товар белгилари» ҳақида бормоқда.

Рублдаги махсус ҳисоблар

Володин айтганидек, ижодий фаолиятдан олинган ҳар қандай даромад рублдаги махсус ҳисобга ўтказилади, унинг очилиши «чет эл агенти» учун мажбурий бўлади. Пул маблағларини бошқа йўл билан олиш тақиқланади.

Давлат думаси раиси, шунингдек, «чет эл агентлари» деб таснифланмаган, лекин Россияни тарк этган ва у ҳақда салбий гапирадиган россияликларни огоҳлантирди. «Чет эл агентлари қаторига кирмаган, аммо Россияга нисбатан салбий фикр билдираётганлар бор, улар учун биз ҳам мамлакатимиз ҳудудида жойлашган кўчмас мулкдан, шунингдек, уни сотиш орқали бойиб кетишни тўхтатиш чораларини кўрмоқдамиз», — деди Володин.

«Чет эл агентлари» тўғрисидаги Россия қонуни

Россияда расмийлар «хорижий таъсир» остида бўлган ҳар қандай шахсни «чет эл агенти» деб эълон қилишлари мумкин, унинг таърифи қонунда жуда ноаниқ. «Чет эл агенти» бўлиш учун ҳатто хорижий манбалардан маблағ олиш ҳам шарт эмас.

Дастлабки «чет эл агентлари» Россия Федерациясида ўн йилдан кўпроқ вақт олдин пайдо бўлган. Ўшанда расмийлар гап фақат у ёки бу ташкилот хориждан молиялаштирилгани ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш ҳақида кетаётганини айтди. Лекин қонунчиликка доимий равишда «чет эл агентлари» зиммасига янги масъулият юклайдиган ва уларни бевосита камситувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Масалан, 2022 йил охиридан бошлаб «чет эл агентлари»га давлат муассасаларида ўқитувчилик қилиш, оммавий тадбирлар ташкилотчиси бўлиш, шартнома бўйича ҳарбий хизматни ўташ, сайлов комиссиялари аъзоси бўлиш тақиқланди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид