Жаҳон | 15:39
2137
3 дақиқада ўқилади

Курск областида камида 13 нафар россиялик муддатли ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди

«Верстка» Украина Қуролли кучлари кирганидан кейин Курск областидаги жангларда ҳалок бўлган Россия Федерацияси муддатли ҳарбий хизматчилар сонини санади. Улардан энг кичиги 18 ёшда эди.

Фото: Russian Defense Ministry Press Service/AP/picture alliance

Курск областида, Украина Қуролли кучлари (УҚК)нинг ҳужуми бошланганидан сўнг, ушбу минтақада камида 13 нафар россиялик муддатли ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда 14 ноябр, пайшанба куни ОАВ хабарлари ва ижтимоий тармоқларда чоп этилган некрологларга асосланиб, «Верстка» нашри ёзди.

Нашр маълумотларига кўра, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ўртача ёши - 20 ёш, энг кичиги 18 ёшда бўлган. Ҳалок бўлганларнинг барчаси турли минтақалардан: Олтой ва Краснодар ўлкасидан, Бошқирдистон ва Удмуртистон республикаларидан, шунингдек, Белгород, Вологда, Ленинград, Пенза, Псков, Ростов, Свердловск, Челябинск ва Ярославл областларидан.

УҚКнинг Курск областидаги ҳужуми

Украина Қуролли кучлари 6 август куни Россия Федерациясининг Курск области ҳудудига ҳужум бошлади. Украина президенти Володимир Зеленский бу операцияни Россия ҳудудида «буфер зона» яратиш зарурати билан асослади. Унинг фикрича, Украина қўшинларининг Курск областига кириши Россия Федерациясининг режалаштирилган ҳужум операцияларини тўхтатди, унинг мақсади Украина шимоли-шарқидаги фаол ҳарбий ҳаракатлар зонасини кенгайтириш эди. 9 августдан Белгород, Брянск ва Курск областларида «аксилтеррор операцияси» режими жорий этилган.

Сентябр ойида Россия Қуролли кучлари минтақада қарши ҳужум бошлади. Bloomberg ёзганидек, Россия Мудофаа вазирлиги Донбассдаги фронт чизиғидан қўшинларни Курск областига ўтказмасликка, балки бу операцияга муддатли ҳарбий хизматчиларни жалб этишга қарор қилди. Оммавий ахборот воситалари минтақада ўнлаб муддатли ҳарбий хизматчиларнинг бедарак йўқолгани ҳақида хабар бермоқда.

Курск области собиқ раҳбари РФ ҳарбийлари талончилик қилганини тан олди

Яқин вақтгача Курск области губернатори лавозимида ишлаб келган Россия транспорт вазири Роман Старовойт бу ҳудудда россиялик ҳарбийлар томонидан талон-торож қилиш ҳолатлари қайд этилганини тасдиқлади. «Тинч аҳоли ва ҳарбий хизматчилар орасида талончилик фактлари бор», деди Старовойт Глушково райони аҳолиси билан учрашувда, унинг видеоси 14 ноябр куни «Курск сейчас» Telegram-каналида эълон қилинган.

Старовойт маълумотларига кўра, Глушково районидаги қишлоқларда давом этаётган жанглар пайтида аҳоли ташлаб кетган уйларни талон-торож этиш ҳолатлари бир кун аввал ҳуқуқ-тартибот идоралари билан учрашувда муҳокама қилинган. Бу сўзлардан сўнг залда қарсаклар янгради.

2024 йил май ойида Россия Федерацияси транспорт вазири лавозимига тайинланган Роман Старовойт, шунингдек, етказиб бериш хизматлари орқали ўлжаларни Россиянинг бошқа ҳудудларига ташиш фактлари ҳақида хабар берди. Ҳуқуқ-тартибот идораларига Курск области аҳоли пунктларида хавфсизликни кучайтириш вазифаси аллақачон юкланган, дея қўшимча қилди у.

Мавзуга оид