Купянск — Харкив областидаги муҳим темирйўл ва транспорт тугуни ҳисобланади. У кенг кўламли урушнинг дастлабки кунларида босиб олинган, аммо Украина қуролли кучлари 2022 йил кузида шаҳарни озод этганди.
Оскол дарёсининг икки соҳилида жойлашган бу шаҳар Украина қуролли кучларининг мустаҳкамланган ҳудудига айлантирилди ва Киевга Россия Луҳанск областида эгаллаб ҳудудлар ичкарисига, биринчи навбатда — Сватове ва Креминна шаҳарлари томон ҳужум амалиётларини тайёрлаш имкониятини қолдирганди.
Шу туфайли Россия армияси учун ўзи эгаллаган ҳудудлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида украинларни Купянскдан ва Оскол шарқий соҳилидан сиқиб чиқариш муҳим эди. Россияликлар 2023 йил кузида ушбу режани амалга оширишга киришган.
Шундан буён Россиянинг юриш амалиётлари Купянскнинг ўзи томонга ҳам, ундан жануброқдаги ҳудудларга ҳам давом этмоқда, РФ армияси жорий йил октябрида шаҳардан жанубда Оскол дарёси бўйига етиб борди ва украинларнинг бу соҳилдаги плацдармини иккига ажратиб қўйди.
Кўп вақтдан буён ҳарбий ҳаракатлар кетаётган фронт чизиғи шаҳардан 7-9 км масофадан ўтади. Россия авиацияси ҳар кунлик авиазарбалари билан бу шаҳарни ҳам вайрона ҳолатга келтирган.
Чоршанба куни нималар рўй берди?
13 ноябр куни РФнинг тўғридан тўғри Купянск чегарасига бостириб киришга илк уриниши ҳақида маълум қилинди.

Украина қуролли кучлари бош штаби хабар беришича, чоршанба куни соат 14:30 дан россиялик ҳарбийлар Купянск йўналишида украин мудофаасини ёриб ўтишга ҳаракат қила бошлаган. «Рақибнинг штурмчи гуруҳлари тўрт тўлқинда украин ҳимоячилари позицияларига ҳужум қилди. Душман 15 тага яқин техникадан фойдаланди. Хусусан, танклар, жанговар зирҳланган машиналар ва УР-77 миналардан тозалаш қурилмалари», — дейилган Бош штаб хабарида.
Бундан ташқари, Украина ҚК маълумотига кўра, россиялик аскарларнинг бир қисми Украина қуролли кучлари аскарлари каби кийиниб олган. Бош штаб бундай ҳаракатлар уруш олиб бориш қонун-қоидаларини бузиш эканини ва ҳарбий жиноят саналишини қайд этган. Россия расмий манбалари Украина қуролли кучларининг бу даъвоси юзасидан муносабат билдирмаган.
Украина расмийлари ишонтиришича, Украина қуролли кучлари рақибнинг барча зирҳли техникаларини йўқ қилиб,
жонли кучларининг «катта қисмини» ўлдирган.

















